Қурилиш ишлари якуний паллада
Қурилиш ишлари якуний паллада

Маълумки исломшунос мутахассислар, имом-хатиблар ва араб тили ўқитувчилари тайёрлашга ихтисослашган Мир Араб ўрта махсус билим юрти учун янги ўқув биноси барпо этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция, реставрация қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси томонидан ажратилган маблағ ҳисобидан бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилмоқда.
— Айни дамда объектда қурилиш ишлари якуний паллага кирмоқда, — дейди бош пудратчи корхона — «Когоннефтгазенергосервис» масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Феруз Эргашев. — Ўқув мажмуи 3,2 гектар майдонда барпо этиляпти. Бу ерда мударрис-ўқитувчилар ва талабалар учун зарур барча қулайликлар яратилмоқда. Иккита ётоқхона, ошхона, спорт зали, теннис корти, футбол ва баскетбол майдонлари, мударрис-ўқитувчиларга мўлжалланган 12 квартирали хизмат уйи шулар жумласидандир. Биз объектни янги йилга қадар фойдаланишга топшириш тараддудидамиз. Бу ердаги инфратузилма объектларидан Мир Араб олий мадрасаси жамоасининг ҳам фойдаланиши кўзда тутилган.
Объектни барпо этишда Шарқ меъморчилигининг энг яхши анъаналари ҳамда замонавий архитектура унсурлари қўлланмоқда. Узунлиги 33 метрни ташкил этадиган нақшинкор айвон, 2 та суҳбатхона, масжид, йиғилишлар залини кўрган киши бунга яна бир карра гувоҳ бўлади. Хусусан, мажмуанинг бош пештоқи эътиборни тортмай қолмайди.
— Биз бу пештоқни бунёд этишда ота-боболаримизнинг меъморчилик анъаналарига, Марказий Осиё бинокорлигига хос услубга таяндик, — дейди таниқли кошинкор уста Бахтиёр Бобомуродов. — Юртимиз, жумладан Бухородаги қадимий ёдгорликларда бажарилган безак ишларини, қўлланилган рангларни синчиклаб ўргандик. Уларга ижодий ёндашишга интилдик. Зеро, обидалардаги жилвакор нақшлар, тасвирлар маълум бир маъно-мазмунни англатади.
Шу нуқтаи назардан мажмуа пештоқи марказига «Ҳар бир мусулмон ва муслима учун илм олиш фарз» деган ҳадиснинг Куфий ёзувида битилгани айни муддао.
Безакли ғишт териш, нақш солиш, гумбазларни барпо этиш қурувчилардан алоҳида билим, малака ва маҳоратни талаб қилади. Бухородаги кўплаб тарихий обидаларни таъмирлаш, реставрация қилишда бой тажриба тўплаган Маъмур Мирзаев, Тағи Обиддиновдек малакали усталар шогирдлари билан бу масъулиятли вазифани ўз зиммаларига олишди. Алишер Ғойибов бошлиқ ганчкор усталар эса мажмуа ички қисмининг бетакрор манзара касб этиши билан машғул.
Мутахассисларнинг фикрича, ўқув мажмуасининг қадимий Арк қалъаси яқинида жойлашгани, ён-атрофда бошқа кўҳна обидалар, кўркам меҳмонхона ҳамда хушманзара гўшаларнинг мавжудлиги, Шарқ меъморчилиги асосида барпо этилаётгани унинг хорижий сайёҳлар ҳам ташриф буюрадиган муҳташам тарихий иншоотга айланишидан дарак беради.




