Кун тартибида - ўқув жараёнини рақамлаштириш

Кун тартибида - ўқув жараёнини рақамлаштириш

djdyhsgsergrthdjsghgserfg.jpg

Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ва соҳага тааллуқли илмий-тадқиқот марказларининг ўқув-услубий, илмий фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Илмий-услубий кенгашининг бўлиб ўтган  мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йилнинг 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижроси бўйича таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишларни танқидий-таҳлилий ўрганиш масалалари кун тартибидан ўрин олди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўтказилган мажлисда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Академия раҳбарияти, қатор вазирлик ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олий диний таълим муассасалари, ўрта махсус ислом билим юртлари раҳбарлари ҳамда халқаро илмий тадқиқот марказлари директорлари иштирок этди.

 

Мажлисда кун тартибидан ўрин олган Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасаларини кредит-модуль тизимига ўтказиш ва ўқув жараёнини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди. Шунингдек, Олий диний таълим муассасаларида амалга оширилган ишлар, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида олий таълимдан кейинги таълим босқичи – таянч докторантура, докторантура, мақсадли докторантура, стажёр-тадқиқотчилик ҳамда мустақил тадқиқотчилик институти фаолияти: амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, қабул жараёнлари, 2021 йил учун режалар, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг 2020 йилдаги фаолияти натижалари ва 2021 йил учун мўлжалланган режалари каби масалалар атрофлича ўрганилди.

 

Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида янги ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мақсад ва вазифалари, Марказ томонидан кутилаётган натижалар ҳамда келгусидаги режалари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги Олий диний таълим муассасалари ўқув дастурлари мазмунини такомиллаштириш бўйича Академия ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш хулосалари, Академия ҳузуридаги Малака ошириш маркази фаолияти, марказда диний соҳа ходимларининг малака ошириш тизимини портфолио шаклига ўтказиш борасида олиб борилаётган амалий ишлар муҳокамаси ҳамда турли масалалар, Илмий-услубий кенгашнинг 2021 йил учун мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш каби масалалар кўриб чиқилди.

Мажлис давомида соҳадаги истиқболли режалар, кейинги йил учун тайёргарлик, электрон таълимни ривожлантириш, диний таълим тизимини ягона таълим платформасига масофавий жойлаш, ўқув жараёнларининг янада тизимли равишда олиб борилиши, юқори малакали кадрлар тайёрлаш масаласи ҳақида сўз борди. Якунда билдирилган фикр ва таклифларни инобатга олган ҳолда соҳа ривожида янги дастур ва ишланмаларни ишлаб чиқиш, таълим муассасалари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш мақсадида, педагог ходимлар ўзаро дарс кузатиш амалиётини татбиқ этишга келишиб олдилар.