Кулолчилик ҳам сердаромад касб

Кулолчилик ҳам сердаромад касб

yereryukryukpfcuafucpup.jpg

Фарғона водийсининг Риштон шаҳри қадимдан Марказий Осиёдаги сирланган сопол буюмлар маркази ҳисобланади.

 

Ўрта асрларда карвон йўллари чорраҳасида жойлашган Риштон тез суръатларда ривожланиб, Буюк Ипак йўлидаги асосий тўхташ жойи ҳамда савдо-сотиқнинг асосий марказига айланган.

 

Кейинчалик бу ерда жоме масжиди қурилган. Кулоллар чинни ишлаб чиқариш усулини Кашғар ва Эрон давлатларидан олиб келган. Риштон буюмлари, миниатюралари жаҳондаги санъат шайдолари орасида ҳам катта шуҳрат қозонган. Ҳеч бир ҳудуднинг кулолчилик намуналарига ўхшамайдиган бу санъат асарлари АҚШ, Буюк Британия, Франция, Полша, Швеция, Ироқ, Эрон, Миср каби мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда намойиш қилиниши ва жаҳон оммаси эътирофига сазовор бўлиши Риштон кулолларининг истеъдодидан далолат беради.

 

Риштонлик кулоллар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий ранги ва қалампир нусхали нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Бухоро, Самарқанд, Хоразм каби шаҳарлардаги дўконларда савдога қўйилган Риштон кулолчилик буюмлари ва миниатюралари чет эллик сайёҳлар қизиқишини тортаётгани бу санъат намуналарига бўлган талабни кундан-кун оширмоқда.

 

Риштондаги қайси бир кулолнинг устахонасида бўлманг, барчаси қўли-қўлига тегмай ишлаётганини кўрасиз.

 

Уста Иброҳимжон Комилов, Бобожон Нишонов, Ҳакимжон Сатторов, Рустамжон Усмонов, Алишер Назиров, Шарофиддин Юсупов, Тоҳиржон Ҳайдаров сингари машҳур кулоллар яратган маҳсулотлар барчани ҳайратга солиб келмоқда.

 

Алишер Назиров ҳам ана шундай машҳур кулоллардан бири. У 12 ёшидан ушбу сермашаққат ҳунарни ўрганишни бошлаган.

 

А. Назиров Риштон кулолчилик заводида бош рассом бўлиб ишлаган. Японияда малака ошириб, хорижий кўргазмаларда иштирок этган. «Ташаббус» танловида ҳунармандчилик йўналишида илк ғолиблардан бўлган.

 

Уста яратган лаган, шокоса, кўзача, хум, мевадон, қанддон каби сопол буюмлардаги услуб ва ранглар жозибасини кўриб, унинг ўз касбининг моҳир устаси эканига амин бўласиз.

 

–Кулолчилик билан шуғулланаётганимга бу йил 50 йил бўлди, –деди А. Назиров. –Биз усталар шогирдларимиз 100 дан ортдими ундан кейингиларини санамаймиз. 1998 йил Риштонда ёш кулол-усталар тайёрлаш мактабини очдим. Ҳозирги кунгача маҳоратли кулоллар тайёрлашда ўз ҳиссамни қўшиб келмоқдаман.

 

Шу касбим ортидан кўплаб давлатларга бордим, фестиваль, кўргазмаларга қатнашдим. Касбимга бўлган меҳрим ортган сайин янги ғоялар, янги ижод ҳаёллари менга илҳом бағишлади. Ҳозирда мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасида кўтарилган энг муҳим масалалардан бири бўлиб турибди.

 

Шу ўринда ёшларимизга маслаҳатим шуки, иш, ҳунар ўрганишда тортинчоқ ёки дангасалик қилманг. Сиз интилинг, ризқингизни ҳаракатингизга қараб Худо беради. Кулолчиликдан ҳам яхши даромад олиб, юқори даражаларга кўтарилиш мумкин.

 

Алишер Назиров ҳар доим иш устида. Ҳеч қачон янги технологияларни ўрганишдан тўхтамасдан, доимо ўз устида ишлаб келади.

 

Унинг асарлари мамлакатимиз, шунингдек, Россия, Япония, Франция, Буюк Британия, Германия ва Америка каби давлатлар музейининг коллекцияларини безаб турибди.

 

ЎзА