Қўқонда Туркий кенгашнинг мажлиси
Қўқонда Туркий кенгашнинг мажлиси

Тадбирда экспертлар, Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Озарбайжон вакиллари эртага 24 июнь куни ўтказиладиган вазирлар учрашуви регламенти ва туризмни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.
Кун тартибидан Кенгашга аъзо давлатларда туризм соҳасининг пандемиядан кейинги тикланиши, «Табаррук зиёрат» лойиҳасини амалга ошириш, Қўқон шаҳрини «Замонавий ипак йўли» дастурига киритиш ҳамда аъзо давлатларнинг йирик шаҳарлари ўртасида халқаро авиарейсларни тиклаш масалалари ўрин олган. Ҳар бир мамлакат муҳим учрашувга ўз таклифлари билан келган.
Туркий Кенгаш учрашувларини Қўқон шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас. Кўҳна ва навқирон шаҳар Марказий Осиёнинг марказида жойлашган, жаҳон ҳунармандлари шаҳри мақомига эга. Бу ерда туризм ҳам тез ривожланмоқда. Қўқон Фарғона водийсининг йирик шаҳарларидан бири бўлиб, у қадимдан илм-фан, маданият ҳамда ҳунармандчилик маркази ҳисобланган. XVIII асрдан бошлаб Қўқон водийнинг сиёсий, иқтисодий, адабиёт ва маданият марказига айланди. Қўқонда яратилган адабий мерос ўзбек халқининг ноёб дурдонасига айланган. Машраб, Ҳувайдо, Маҳзун, Амирий, Нодира, Увайсий ва яна 200 дан зиёд ўзбек мумтоз адиблари шу муҳитнинг маҳсулидир. Ҳозирги ўзбек адабий тили ҳам Қўқон адабий муҳити негизида шаклланган.

Бу даврдаги таълим тизими ҳам ҳавас қилса арзигулик эди. XIX охирига келиб биргина Қўқоннинг ўзида 620 та маҳаллада масжид, 240 та бошланғич мактаб, 52 та мадраса, 23 та қорихона мавжуд эди.
Профессор Х.Н.Бобобековнинг «Қўқон 2000» номли китобида келтирилган маълумотларга кўра, 1878 йилда Қўқон шаҳрининг саводхонлик салоҳияти 53 фоизни кўрсатган ва бу кўрсаткич ўз даврида дунёдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланган. Бундан ташқари, Қўқон «шоирлар шаҳри» деб ҳам аталган. XVIII асрнинг биринчи ярмида Қўқон шаҳридаги ҳар бир маҳаллада камида 3 нафардан, жами 720 дан ортиқ шоир яшаб ижод қилган ва улар ўз даврида шаҳарни «назм маркази»га айланишига ҳисса қўшган.
Ўзбек миллий ҳунармандчилик намуналари ва амалий санъати усталари ҳам айнан Қўқон атрофида бирлашди, гуркираб яшнади ва энг муҳими, шу кунларга қадар сақланиб қолди. Хусусан, ёғоч ўймакорлик, кулолчилик, кандакорлик, меъморчилик, ипакчилик, читгарлик ва бошқа ўнлаб ҳунар турлари Қўқон хонлиги даврида ўз тараққиёт чўққисига чиқди. Уларнинг маҳсулотлари дунёнинг 10 га яқин давлатига олиб чиқиб сотилар эди. Шу боис ҳам Қўқон нуфузли тадбирга мезбонлик қилмоқда.




