“Кўкалдош”да рақамли технология
“Кўкалдош”да рақамли технология

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси замон билан ҳамнафас равишда ўз таълим тизимига янгиликларни жорий этиб келмоқда.
Авваллари оралиқ ва якуний назорат тартибида талабаларнинг билимлари ёзма иш шаклида баҳолаб борилган бўлса, эндиликда рақамли технологиялардан унумли фойдаланиб хаттотлик ва жисмоний тарбия фанларини истисно этган ҳолда барча фанлардан тўлиқ компьютер воситасида имтиҳонлар ўтказилмоқда.

Ўтган йили синов тариқасида баъзи фанлардан рақамли технология ёрдамида имтиҳон ўтказилган бўлса, эндиликда барча курс талабаларининг назорат имтиҳонлари шу шаклга ўтказилди. Бу янгилик бир томондан устозларга қулайлик келтирган бўлса, иккинчи томондан талабалар ҳаққоний баҳоланиши учун яхши воситадир.
Мутахассис ўқитувчилар тузган тест саволлари ўқув даргоҳининг Ахборот техник таъминот бўлими ишлаб чиққан дастурга юкланиб, ҳар бир талабага алоҳида билет шаклида тақдим этилади. Дастурда ҳар бир иштирокчининг тест жараёнига махсус код ёрдамида бир марта кира олиши ва белгиланган вақтнинг автоматик бошқарилишини назарда тутилган.





