Кюдзо Като: “Ўзбекистонни иккинчи она Ватаним деб атайман”
Кюдзо Като: “Ўзбекистонни иккинчи она Ватаним деб атайман”

Таниқли археолог олим, антрополог, тарихчи ва этнограф, Япония миллий этнология музейи фахрий профессори Кюдзо Като Ўзбекистонга илк бор ўтган асрнинг 60-йилларида келган. У ўлкамизнинг бой тарихига жудаям қизиқиб қолган ва Япония билан Ўзбекистоннинг кўп томонлама ҳамкорлигини кучайтириш тарафдори бўлган.
"Мен японман, Ўзбекистонни иккинчи она Ватаним деб атайман, ушбу юртнинг фахрий фуқароси эканлигимдан ғурурланаман", — деганди Като.
Като Кюдзо Сурхондарё вилоятидаги кўплаб тарихий ёдгорликларда археологик тадқиқотлар олиб борган. Жумладан, профессор Като Кюдзо Кушон подшоҳлигининг дастлабки пойтахти бўлган Шўрчи туманидаги Далварзинтепа ёдгорлигида, бундан ташқари Ўзбекистон фанлар академияси билан ҳамкорликда Сурхон воҳасидаги Қоратепа, Холчаён, Фаёзтепа археологик ёдгорлигидаги қазишма ишларида иштирок этиб, юртимиз тарихи, маданий-маърифий меросимизни кенг тарғиб қилишда алоҳида фаоллик кўрсатган. У журналист, тадқиқотчи, таржимон сифатида кўплаб мақола ва китоблар ёзган.
2002 йили Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги илмий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Като Кюдзо “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

Като Кюдзо Термиз шаҳрининг фахрий фуқаросидир
У 2016 йил 12 сентябрь куни Сурхондарё вилоятида 94 ёшида вафот этган.
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги 43-умумий ўрта таълим мактабига япониялик археологик олим Като Кюдзо номи берилган.




