Қозоғистон президенти маслаҳатчиси Ислом цивилизацияси маркази ҳақида: «Ҳар бир экспозиция ўз тилида сўзлаяпти»

Қозоғистон президенти маслаҳатчиси Ислом цивилизацияси маркази ҳақида: «Ҳар бир экспозиция ўз тилида сўзлаяпти»

Қозоғистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Малик Отарбаев бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг экспозициялари ва марказда яратилган имкониятлар билан танишди. Меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси – Спичрайтери Хайриддин Султонов ҳамроҳлик қилди.

Ташриф давомида меҳмонларга марказнинг концепцияси, экспозиция залларида жамланган тарихий-маданий мерос намуналари, буюк алломалар ва мутафаккирлар илмий-маънавий мероси, шунингдек, ислом цивилизациясининг юксалишида Марказий Осиёнинг тутган ўрни ҳақида маълумот берилди.

Малик Отарбаев марказда Ўзбекистон тарихи билан бир қаторда, бутун туркий дунё ва Шарқ цивилизациясининг бой тарихи, маданияти ва маънавий мероси кенг қамраб олинганини таъкидлади. Унинг фикрича, экспозицияларнинг ҳар бир детали катта масъулият ва юксак дид билан ишлангани яққол намоён бўлади.

Қозоғистонлик меҳмон, шунингдек, марказда сақланаётган Усмон Мусҳафи унинг халқаро аҳамиятини янада оширишини қайд этди. У марказнинг барпо этилиши ва экспозицияларнинг яратилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида эътибори ва қўллаб-қувватлаши сезилиб туришини таъкидлаб, бу масканни Президентнинг маънавий қарашлари ва ташаббусларининг амалий ифодаси сифатида баҳолади.

“Албатта, Президентимиз Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам ушбу марказга келиб, унинг фаолияти билан танишган. Биз ҳам бу марказдан жуда катта таассурот олдик. Бу ерда нафақат Ўзбекистон тарихи, маданияти, адабиёти ва санъати, балки бутун инсониятга намуна бўладиган туркий дунё тарихи ва маданияти, унинг яхлит тарихий харитаси кенг намоён этилган. Айниқса, Шарқ оламининг дурдонаси бўлган, учинчи халифа Усмон ибн Аффон ўқиган Қуръони каримнинг айнан шу марказда сақланаётгани унинг нуфузи ва мақомини янада юксалтиради. Биз марказдаги ҳар бир экспозиция катта меҳр ва масъулият билан тайёрланганига гувоҳ бўлдик. Ҳар бир экспозиция ўз тилида сўзлаяпти, бу ердаги ҳар бир детал бежиз ва тасодифан яратилмагани яққол сезилиб турибди. Марказнинг барпо этилишида ҳам, ҳар бир экспозициянинг жойлашувида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бевосита қўллаб-қувватлаши, таъсири ва шахсий ёндашуви бор. Шу маънода, ушбу марказни Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қўлёзмаси, унинг қалбида асраб келган маънавий бойлигининг ифодаси, деб баҳолаймиз. Менимча, нафақат Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари, балки бутун дунё ҳамжамияти ушбу марказ билан танишиши керак. Ўзбек халқининг бундай улкан ютуққа эришганидан биз доимо фахрланамиз. Қозоқ-ўзбек қардошлиги ва дўстлиги абадий бўлсин, янада мустаҳкамланаверсин», — деди Қозоғистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Малик Отарбаев.

Ташриф сўнгида Малик Отарбаев Фахрий меҳмонлар китобига ўз тилакларини ёзиб қолдирди.

Меҳмонга Ислом цивилизацияси маркази номидан буюк мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг "Монийни хижолатда қолдирган Беҳзод" номли ноёб миниатюралари жамланган китоби эсдалик совғаси сифатида тақдим этилди.