Катта Лангар Мусҳафи Марказдан ўрин олади

Катта Лангар Мусҳафи Марказдан ўрин олади

sthdhdrhsjhsrthjsgthsergserg.jpg

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланаётган Катта Лангар Қуръони номи билан аталадиган Қуръони каримнинг нусхаси дунёдаги энг қадимий ва нодир қўлёзма асарларидан ҳисобланади.

 

Ушбу Қуръон саҳифалари таҳлилига асосланиб, унинг ҳазрати Усмон ибн Аффон (р.а.) кўчиртирган олти нусхадан бири бўлиши мумкин, деган тахминни ҳам илгари суришга имкон беради.

 

Катта Лангар Қуръони Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида узоқ вақт сақлангани боис шундай ном олган бўлиб, Ислом оламидаги энг қадим тарихга эга Мусҳаф қўлёзмаларидан бири саналади.

 

Тахминларга кўра, Катта Лангар Қуръонининг умумий ҳажми 206 саҳифани ташкил этган. Ҳозиргача уларнинг фақатгина 97 таси сақланиб қолган. Қолган қисмининг тақдири номаълум.

 

Саҳифаларнинг 81таси Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Қўлёзма қандай қилиб Россияга бориб қолгани аниқ эмас.

 

Ўзбекистонда мавжуд 16та саҳифанинг биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институтида, иккитаси Бухорода (Бухоро вилоят кутубхонаси ва Бухоро давлат музей қўриқхонасида) сақланмоқда.

 

«Катта Лангар Қуръонининг Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган қисми 12 та бирлаштирилган саҳифа ва битта алоҳида ─ жами 13та саҳифадан иборат. Саҳифалар XIX асрда муқоваланган. Қуръоннинг ўзи эса VIII асрда битилган деб ҳисобланади.

sdhjdhjdyjdsrjsrtser.jpg

Саҳифалар пергаментдан тайёрланган. Бу маҳсулот бузоқ терисидан тайёрланган. Ёзувларни тушириш учун қаламдан фойдаланилган. Стандарт сиёҳ (iron gall ink) қўлланилган. Ёзувлар устидан қўшимчалар киритилган. Сўзлар талаффузи аниқроқ бўлиши учун қизил сиёҳ билан белгилар қўйиб чиқилган.

 

Шу кунларда ўзбек ва француз реставратор-усталари томонидан Катта Лангар Мусҳафи саҳифаларини  реставрация қилиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Бу соҳадаги ҳамкорлик Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йилда Францияга ташрифи жараёнида эришилган келишувлар натижаларидан биридир.

 

Ўзбекистондаги Ислом иивилизацияси маркази биноси қурилиши якунлангач, Катта Лангар Мусҳафи Усмон Мусҳафи ўрнатиладиган Қуръон залида ўз ўрнини эгаллайди.

 srthjjsrjhsrthsergsrgsrgerg.jpg