Кандакорлик анъаналари давом этмоқда
Кандакорлик анъаналари давом этмоқда

Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, фарғоналик ҳунарманд Зокиржон Ғофуров яратган кандакорлик ишлари ноёб санъат намуналари сифатида нафақат юртимиз, балки хорижий мамлакатларда ҳам санъат ихлосмандлари эътиборига тушган.
Уста ўнлаб шогирдларини ёнига олиб, хонадонидаги мўъжазгина устахонада офтоба, патнис, қути каби кандакорлик буюмларини ясайди. Ижод намуналари Россия, Қозоғистон, Германия, Буюк Британия, АҚШ, Франция, Япония ва Болтиқбўйи давлатларида ўтказилган ҳунармандлик кўргазмаларида ҳам муваффақиятли намойиш этилган. Шунингдек, ўнлаб асарлари юртимиздаги қатор санъат музейлари, кўргазмалар пештоқидан жой олган.
– Кандакорлик халқ амалий санъати йўналиши бўлиб, ўймакорликнинг металл буюмларни ўйиб, нақшлар, тасвирлар, безаклар тайёрлайдиган турига киради, - дейди кандакор уста Зокиржон Ғофуров. – Нақш ва тасвирлар пўлат қаламлар ёрдамида чуқур ва саёз ўйилган ҳолда чизилиб, рангли локлар билан бўялади ҳамда пардозланади. Устозим, машҳур кандакор Ўзбекистон халқ устаси Мақсуд Мадалиевдан ўрганган маҳорат мактаби сабоқларини ёшларга ўргатиш, янги-янги ижод намуналарини яратиб, кандакорлик шуҳратини янада юқори поғоналарга кўтаришни мақсад қилганман. Қолаверса, кандакорлик анъаналарини фарзандларим ҳам давом эттириш ниятида.
Айни кунларда уста 2021 йили Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида иштирок этиш учун катта тайёргарлик кўрмоқда.
ЎзА




