“Камбағалликдан фаровонлик сари”
“Камбағалликдан фаровонлик сари”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16-17 сентябрь кунлари Наманган вилоятининг саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва ижтимоий соҳада ишга туширилган янги объектлар билан танишди. Вилоятни комплекс ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Давлатимиз раҳбари 17 сентябрь куни “Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форумининг очилиш маросимида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Президент Шавкат Мирзиёевдунёда кузатилаётган геосиёсий, иқтисодий ва ижтимоий беқарорлик, иқлим ўзгаришлари таъсирида глобал иқтисодий ўсиш секинлашгани, оқибатда камбағал аҳоли сони ошганига эътибор қаратди. Бу ҳолат барча давлатлар, халқаро ташкилотлар, умуман, дунё ҳамжамияти олдига янги ва долзарб вазифаларни қўяётгани таъкидланди.
Шундай мураккаб даврда Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Барча саъй-ҳаракатлар ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларга ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун шароит яратиш ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилди.
Изчил ислоҳотлар туфайли 7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, 2024 йилда бу кўрсаткич 8,9 фоизга туширилди. Йил якунигача камбағаллик даражасини 6 фоизгача камайтириш мақсад қилинган. Ўтган даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсгани бунда муҳим омил бўлди. Шу йил якуни билан аҳоли жон бошига даромад 3,5 минг долларга етиши кутилмоқда.
Маҳаллаларни обод қилиш, одамлар ҳаётини яхшилаш ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга ҳар йили 2,5-3 миллиард доллар йўналтирилмоқда.
Қишлоқ аҳолисини даромадли қилиш учун 235 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, одамларга 30-50 сотихдан ажратиб берилди. Бу 800 минг инсоннинг даромадини оширишда муҳим қадам бўлди.
Давлатимиз раҳбари “Камбағалликдан – фаровонлик сари” дастурининг мазмун-моҳиятига ҳам тўхталди. Бу дастур еттита устувор йўналишни қамраб олган.
Энг аввало, камбағал аҳолини шунчаки ишга жойлаштириш эмас, балки доимий иш ўринларини кўпайтириб, одамлар барқарор даромад манбасига эга бўлиши учун шароит яратилмоқда.
Фаол инвестиция сиёсати туфайли шу йилнинг ўзида 35 миллиард доллар сармоя эвазига 9 мингдан ортиқ янги корхона, 300 мингга яқин юқори даромадли иш ўрни ташкил этилмоқда.
Давлат бизнесга шароит яратиб беряпти, тадбиркорлар эса ўзига ижтимоий масъулият олиб, эҳтиёжманд аҳолини ишли ва даромадли қилишда кўмакчи бўлмоқда. Шундай самарали ҳамкорлик туфайли жорий йилнинг ўзида 270 мингдан зиёд камбағал оила аъзоси доимий ишли бўлган.
Иккинчидан, сифатли таълим асосида инсон капиталини ривожлантириш, узоқ муддатли истиқболда камбағалликни қисқартиришнинг асосий “драйвери” бўлиб қолади.
Хусусан, камбағал оила болаларини мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш учун барча шароит яратилади. Бундай оилалар фарзандлари учун хорижий тил ва касб-ҳунар ўрганишга кетадиган харажатларнинг 80 фоизи қоплаб берилади.
Сўнгги беш йилда 800 мингдан зиёд аҳоли замонавий касбларга ўқитилиб, юқори даромадли ишларга жойлаштирилган. Энди Касбга тайёрлаш халқаро марказлари ташкил этилиб, уларнинг битирувчиларига хорижда тан олинадиган сертификатлар бериш йўлга қўйилади.
Учинчидан, хотин-қизларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш алоҳида эътиборда бўлади. Шу боис, талаба қизларга фоизсиз кредит ажратиш, магистратурада бепул таълим олиш имконияти яратилди. Бугун талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Шу йилнинг ўзида 1 миллион 700 минг аёл ишли бўлган.
Буни давом эттириб, “Рақамли авлод қизлари” дастури доирасида 50 минг нафар қизлар ахборот технологиялари, финтех ва сунъий интеллектга ўқитилади.
Жорий йил аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллиард доллар ажратилди. Келаси йили яна 2 миллион аёлни доимий даромадли қилиш чоралари кўрилади.
Тўртинчидан, инсон саломатлиги муҳофаза қилиниб, унинг имкониятлари тўлақонли юзага чиқарилмоқда. Жумладан, 140 минг камбағал оилага шифокор бириктирилиб, улар йилига бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Энди кафолатланган тиббий хизматлар кўпайтирилиб, камбағал оилаларнинг бунга сарф қиладиган харажати 2 карра қисқартирилади. Бунда уларга бепул дори ва кафолатланган тиббий хизматлар пакети тақдим этилади.
Бешинчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан манзилли ишлаш йўлга қўйилди. Мазкур тизим тубдан ислоҳ қилиниб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Ҳар бир туман ва шаҳарда 100 дан ортиқ ижтимоий хизматларни “бир дарча” тамойили асосида кўрсатадиган “Инсон” марказлари очилди. Ҳар бир маҳаллада ижтимоий ходим аҳоли билан проактив ишламоқда.
Шу йилнинг ўзида 2 миллион 700 минг аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилди. Айниқса, камбағал оилаларнинг парваришга муҳтож аъзоларига янги ижтимоий хизматлар йўлга қўйилгани 50 минг нафар меҳнатга лаёқатли аҳоли учун ишлаш имконини яратди.
Ижтимоий хизматлар сифати ва қамровини ошириш мақсадида Жаҳон банки билан 100 миллион долларлик лойиҳа ишга туширилди. Имконияти чекланган болаларни мактаб ва касбий таълим билан қамраб олиш учун алоҳида дастурлар амалга оширилмоқда.
Олтинчидан, ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, одамларга яшаш учун қулай шароитлар яратиш – кўп ўлчовли камбағалликни қисқартиришда муҳим қадам бўлади.
Шу мақсадда қарийб 3,5 миллион аҳоли яшайдиган шароити оғир мингта маҳаллада инфратузилма яхшиланмоқда. Келаси йил маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга яна 400 миллион доллар ажратилади. Бунда 32 та туман ва 328 та оғир маҳалла танланиб, уларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.
Шунингдек, 810 та маҳаллада сув, канализация, йўл, мактаб ва боғча қуриш бўйича 1,3 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади.
Уй-жойга муҳтож ва даромади паст аҳолига ипотека тизимидан фойдаланиш учун ҳар йили 200 миллион доллар субсидия ажратилади.
Еттинчидан, давлат харажатларининг 70 фоиздан ортиғи айнан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун сарфланмоқда.
Шу билан бирга, глобал миқёсда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун ривожланаётган давлатларга йилига 4 триллион доллардан зиёд маблағ зарур.