Қадимий қўлёзмалардан рақамли архивларгача
Қадимий қўлёзмалардан рақамли архивларгача

Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусидаги халқаро конгресс яна бир муҳим йўналишда янги даврни бошлаб берди. Конгресс кун тартиби доирасида бўлиб ўтган “Қадимий қўлёзмалардан рақамли архивларгача” шўъба йиғилишида иштирок этган мутахассислар қадимий асарларни сақлаш, рақамлаштириш ва уларни замонавий технологиялар орқали кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги илғор тажрибалар билан танишди. Йиғилиш Марказий Осиё давлатлари ўртасида маданий ва илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни ривожлантириш ва келажак авлодга бой маданий меросни етказишда муҳим платформага айланди.
Ислом цивилизацияси марказида “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгресси доирасида “Қадимий қўлёзмалардан рақамли архивларгача: Марказий Осиё кутубхоначилиги йўли” шўъба йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Марказий Осиё давлатлари ҳамда қўшни мамлакатларнинг Миллий кутубхоналари, архивлари ва илмий муассасалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда қадимий қўлёзмаларни асраб-авайлаш, уларни рақамлаштириш, электрон платформалар орқали кенг жамоатчиликка етказиш, соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш каби устувор масалалар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, қўлёзмаларнинг китобхонлик, таълим ва илмий тадқиқотлардаги ўрни ҳақида ҳам атрофлича фикр алмашилди.