Қадимий ҳарфлардан замонавий мулоқотга: МДХМИ ёшлари Хаттотлик мактабида
Қадимий ҳарфлардан замонавий мулоқотга: МДХМИ ёшлари Хаттотлик мактабида
Москва давлат халқаро муносабатлар институти — МДХМИнинг 40 нафардан зиёд ўқувчи ва талабаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Халқаро хаттотлик мактабига ташриф буюриб, қадимий ёзувлар ва хаттотлик санъати билан яқиндан танишди.
Ташриф доирасида ёшлар учун махсус маҳорат дарси ташкил этилди. Унда иштирокчиларга хаттотлик санъатининг тарихи, унинг турли услублари, қадимий ёзув намуналари ва уларда акс этган маънавий-маърифий мерос ҳақида маълумот берилди. Энг муҳими, ёшлар ўзлари ҳам қаламни қўлга олиб, хаттотлик сирларини амалда синаб кўриш имконига эга бўлдилар.
Бу каби машғулотларнинг аҳамияти фақат янги бир санъат тури билан танишишда эмас. Аввало, ёшларда қадимий ёзувларга қизиқиш уйғотиш, улар орқали аждодлар тафаккури, илм-фани ва маданий меросини англашга йўл очиш муҳим. Зеро, экспонатни кўришнинг ўзи кифоя эмас — унинг ортидаги тарихни англаган инсон унга бутунлай бошқа нигоҳ билан қарайди.
Ташриф давомида Халқаро хаттотлик мактаби ва МДХМИ ўртасида келгусида таълим ва маданият йўналишларида ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Биргаликда маҳорат дарслари ташкил этиш, кўргазмалар ва маданий тадбирларга ўзаро таклифлар йўллаш, мутахассислар ва педагоглар ўртасида тажриба алмашиш шундай ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бўлиши мумкин.
МДХМИ Москва филиали рус тили ва адабиёти ўқитувчиси Алексей Викторович Ростовцев ҳам ташриф ва маҳорат дарси ёшлар учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
«Бугун мактабимиз, аниқроғи, мактаб-лицейимиз ўқувчилари ушбу мактабга ташриф буюриб, бу ердаги қизиқарли фаолият билан яқиндан танишдилар. Улар ташрифдан жуда мамнун бўлишди ва катта қизиқиш билдиришди.
Бундай учрашувлар турли халқлар маданиятини яқинлаштириш билан бирга, тарихни чуқурроқ англаш ва ўтмишда кечган жараёнларни яхшироқ тушунишга хизмат қилади. Айниқса, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ёшларни мамлакатнинг кўп асрлик тарихи ва улкан маданий салоҳияти билан таништириш алоҳида аҳамиятга эга.
Болалар учун бу ерда тинглаш, мулоқот қилиш, ўзларини синаб кўриш ва янги нарсаларни ўрганиш жуда қизиқ. Бундай тажриба уларнинг дунёқарашини кенгайтиради, билимга бўлган қизиқишини оширади ва келажакда ўз олдиларига аниқ мақсадлар қўйишларига туртки беради.
Менимча, бу жуда муҳим ва таъсирчан тадбир. Уларнинг хотирасида узоқ сақланиб қолади. Энг муҳими, бундай учрашувлар Шарқ ва Европа маданиятлари ўртасидаги мулоқотни давом эттириш, ёшларда ўз тарихи, тили ва маданиятига ҳурмат туйғусини шакллантиришга хизмат қилади.
Биз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бир неча бор ташриф буюрганмиз. Бу масканни фақат маданият ва тарих билан боғлаш тўғри эмас. У бугунги замонавий ҳаётимиз, таълим ва ёшлар тарбияси билан ҳам чамбарчас боғлиқ бўлган улкан маърифий макондир.
Бундай воқеаларни хотирада сақлаш жуда муҳим. Чунки фарзандларимиз бугун гувоҳ бўлаётган жараёнлар оддий бир тадбир эмас, балки уларнинг шахсий ва маънавий ҳаётида из қолдирадиган муҳим тажриба эканини англаб етишлари керак».
Дарҳақиқат, бир неча асрлик ёзув анъаналари бугун ёш авлод қўлида қайта жонланмоқда. Қадимий ҳарфлар орқали кечаги тарих бугунги авлод билан мулоқотга киришмоқда. Ана шу мулоқот эса турли маданиятлар ва таълим муассасалари ўртасидаги янги ҳамкорликлар учун мустаҳкам замин яратади.










