Қадим Чин юртида қадимий масчид
Қадим Чин юртида қадимий масчид
Ислом тарихида Макка, Мадина ва Қуддус шаҳарларидаги каби қадимий масчитлар йўқ. Аммо ўша, дастлабки юз йилликларда дин тарғиботчилари борган юртларида қурган ибодат масканлари орасида ҳамон сақланиб қолганлари бор. Қоҳира, Бейрут, Аммон, Мозори Шариф каби шаҳарларда бўлганимда уларни кўриш, зиёрат ва ибодат қилиш насиб этган.
Қадим Чин юртида ҳам шундай ислом ибодатхоналаридан бири – қадимий масчит мана ўн уч асрдирки, ҳамон эшиклари очиқ. Бу Хитойнинг йиригма икки аср аввал ягона империяга айлангач пойтахт деб эълон қилинган Сиан шаҳридаги мухташам масчитдир.
Тарихчиларнинг ёзишича, милодий 700-чи йилларда Сиан шаҳри – Чин империяси пойтахтига араб савдогарлари карвони билан ислом даъватчилари ҳам келган. Эрамиздан аввалги иккинчи асрда Буюк ипак йўилини очган биринчи карвонлар Сиан шаҳридан йўлга чиққан ва VII-VIII асрга келиб уларнинг ҳаракати гавжумлашган эди) Улар одамларни исломга даъват этиш билан, маҳаллий ҳукумдорга империя таркибидан чиқмоқчи бўлган қўзғолончиларнинг таслим бўлишларида ёрдамлашганлар. Бунинг эвазига император Тан ислом динини қабул қилганларга ибодатхона – масчит қуриш учун ер ва изн берган экан. Сиан қалъаси марказидаги Ноғора минорасига туташ мусулмонлар яшайдиган маҳалла марказида ўша қадимий масчит ҳамон фаолият кўрсатмоқда. Унда ҳозиргача сақланиб қолган тош лавҳаларга ўйиб ёзилган тарихий манбаларга кўра, масжид милодий 742-йилда Тан сулоласи даврида барпо этилган. Демак, унинг тарихи салкам 1300 йилни ташкил этади.





