Исломнинг муқаддас қадамжолари Макка – шаҳарлар онаси
Исломнинг муқаддас қадамжолари
Макка – шаҳарлар онаси

Ўрта асрларда жаҳондаги етти шаҳарга ислом дини маркази сифатида шуҳрат қозонганликлари учун “Шариф” унвони берилган. Улар исломнинг муқаддас қадамжолари ҳисобланади. Бу шариф шаҳарлар рўйхатида Макка биринчи ўринни эгаллайди.
Мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланаган Макка Саудия Арабистонининг ғарбий қисмида, Қизил денгиздан 70 километр узоқликда жойлашган шаҳардир. У Ҳижоз вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланади.
Маккага асос солинган йил номаълум. Дастлаб Замзам булоғи атрофида аҳоли турар жойлари пайдо бўлган. Макка илк бор Птолемей асарларида Макораба деб қайд этилган.
Милоддан аввалги 2-1 минг йилликларда Макка араб қабилалари учун муқаддас жой ҳисобланган. Ислом пайдо бўлишидан аввал Шарқ билан Ўрта денгиз бўйи давлатлари ўртасидаги савдода муҳим ўрин тутган.
Милодий бешинчи ўрталарида Макка қурайш қабиласи қўлига ўтган. Шу даврда қурайш қабиласининг бошлиғи Зайд бин Килоб Каъба атрофидаги ерларни ўз қабиладошларига бўлиб берган. Қусай ва унинг авлодлари ўтказган ислоҳотлар натижасида Макка тез суръатларда ривожланган. Ўша вақтда Маккада 6-7 минг аҳоли яшаган. Шаҳарда бозорлар кўпайиб, зиёратчилар учун янги қудуклар қазилган. Олтинчи асрнинг охири — еттинчи асрнинг бошида шаҳар Арабистон ярим оролининг фақат савдо ва диний эмас, балки сиёсий марказига ҳам айланган.
Шундай вазиятда Маккада ислом динининг тарғиботи бошланган. Маккада Муҳаммад пайғамбар таваллуд топганлар ва шу ерда ислом тарғиботини бошлаганлар. Макка еттинчи асрдан мусулмонларнинг муқаддас шаҳри ва зиёратгоҳига айланган.
610 йилда Муҳаммад (сав) Макка яқинидаги Ҳиро тоғида ўзига биринчи бор ваҳий, яъни Қуръон ояти карималари нозил бўлганини эълон қилган. Қуръони карим 114 сурасининг 86 таси Маккада нозил бўлган. 622 йилда мусулмон жамоаси Макка билан рақобатлашиб келган Ясриб (Мадина) шаҳрига кўчиб ўтган.
630 йилда шаҳар мусулмонлар қўл остига ўтган ва Маккага ҳаж қилиш исломнинг беш арконидан бирига айланган. Умавийлар даврида (661—750 йиллар) шаҳар қиёфаси кескин ўзгарди: кўп қаватли қаср, саройлар пайдо бўлган.
Бағдод халифалиги (750—1258 йиллар) инқирозга учрагандан сўнг Макка Фотимийлар, Айюбийлар ва мамлуклар қўл остига, кейинчалик Усмонли турк салтанати тобелигига (1517 йил) ўтган.
1916 йилдан Макка — Ҳижоз қироллиги пойтахти. 1924 йил Ибн Саъуд қўшинлари Маккани ишгол этган. 1932 йилдан Макка шаҳри Саудия Арабистони таркибида.
Маккадаги Ал-Масжид алҳаром ва Байтуллоҳ алҳаром—Каъба мусулмонлар учун муқаддас зиёратгоҳ ҳисобланади.
Маккадаги Ал-Харом масжиди муқаддас Каъба атрофига қурилган. У Ислом оламининг энг асосий ва бош масжиди ҳисобланади. Масжид Ҳаж сафарида 4 миллионга яқин зиёратчиларни қабул қилишга мўлжалланган. Масжид 9 та минора билан ўралган бўлиб, ҳар бирининг баландлиги 95 метр. Маккани зиёрат қилиб, у ерда Оллоҳга сажда қилиш мўмин-мусулмон учун катта орзулардан ва ниятлардан биридир. Маккани зиёрат қилиш исломнинг асосий рукнларидан бири ҳисобланади. Ҳаж қилиш маросимида Каъбани тавоф қилиш билан бирга Арафот тоғига кўтарилиш ҳам қўшилган.
Макка аҳолиси, асосан, ҳажга келганларга хизмат кўрсатиш, ибодат қилувчилар учун диний буюмлар тайёрлаш билан шуғулланади. Гилам тўқиш корхоналари, устахоналар мавжуд.





