ИСЛОМ ОЛАМИ УЮШМАСИ
ИСЛОМ ОЛАМИ УЮШМАСИ

Ислом олами уюшмаси – дунёнинг турли мамлакатларининг йирик мусулмон арбобларини бирлаштирган ҳалқаро ислом ташкилотидир. У 1962 йилда ташкил этилган, қароргоҳи Маккада бўлиб, Риёз, Жидда ва Мадина шаҳарларида ҳам бўлимлари мавжуд.
Ислом олами уюшмасининг олий органи – Таъсис кенгаши бўлиб, унга 60 нафар диний арбоб киради. Амалда рахбарликни Саудия Арабистони илоҳиётчилари орасидан сайланадиган Бош котиб олиб боради.
Ташкилотнинг мақсади Ислом таълимотини бутун дунёга тарқатишдир. Араб тилида “Ахбор ал-Олам ал-Ислом” (“Ислом олами ахбороти”) хафталик газетасини ҳамда араб ва инглиз тилларида “Робита ал-Олам ал-Ислом” журналини нашр этади.
Кенг миқиёсидаги хайрия инсонпарварлик фаолиятини олиб боради. Осиё, Африка ва Америка қиталарининг 10 дан ортиқ мамлакатларида филиаллари мавжуд. Ислом олами уюшмаси ҳукуматга алоқадор бўлмаган барча халқаро Ислом ташкилотларнинг раҳбар маркази бўлишга даъво қилади.
Унинг ташаббуси билан чақирилган жаҳон ислом ташкилотларнинг халқаро конференцияси (Макка, 1974 йил) ер куррасидаги ислом ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш олий қўмитасини таъсис этди. Ислом оммавий ахборот воситалари Жаҳон конференцияси (Жакарта, 1980 йил) эса мусулмон оммавий ахборот воситалари олий кенгашини (қароргоҳи – Маккада) таъсис этди.
Ислом олами уюшмаси БМТ ҳузурида ҳукуматга алоқадор бўлмаган ташкилотлар мақоми ҳуқуқига эга. Ислом олами уюшмаси БМТнинг иқтисодий-ижтимоий кенгаши ҳузурида ва маориф, фан, маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти ЮНЕСКО ҳузурида маслаҳат бериш ҳуқуқига эга бўлиб, БМТнинг болалар фондига ҳам бадал пули ўтказади.
Чет элларда Ислом олами уюшмасининг 34 бюроси ва 14 маркази бор бўлиб, улар Иордания, Индонезия, Малайзия, Мавритания, Сенегал, Габон, Конго, Маврикий, Франция, Швейцария, Дания, АҚШ ва Тронад каби давлатларнинг пойтахтларида фаолият кўрсатади.
Ислом олами уюшмаси Марказий Осиёдаги мусулмон давлатлари билан турли соҳаларда алоқаларни ривожлантириш истагини билдирган.




