Ислом илми янги босқичда: Ўзбекистон–Малайзия ҳамкорлиги нимага қаратилган?

Ислом илми янги босқичда: Ўзбекистон–Малайзия ҳамкорлиги нимага қаратилган?

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун яна бир йирик халқаро илмий мулоқот майдонига айланди. Бу ерда Малайзия билан ҳамкорликда “Ислом цивилизациясида илмий анъана: манбалар, имкониятлар ва долзарб масалалар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Малайзия қироличаси Ража Зарит София ҳазрати олиялари иштирокида ташкил этилган мазкур конференция икки мамлакат ўртасида илмий-маърифий алоқаларни янада бойитиш, буюк аждодларимиз яратиб қолдирган маънавий меросни ҳамкорликда тадқиқ қилиш ва оммалаштириш масалаларига бағишланди. Унда 300 нафардан ортиқ иштирокчи, жумладан, давлат идоралари вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, илмий-тадқиқот марказлари, етакчи олим, тадқиқотчи, эксперт, маънавий-маърифий доира вакиллари, шунингдек, турли мамлакатлардан ёш мутахассислар ва талабалар қатнашди.

Ушбу муҳим илмий-амалий конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов икки давлат ўртасидаги ҳамкорликларга тўхталаркан, Марказ ўз фаолиятини бошлаган дастлабки даврданоқ Малайзиядаги қатор идора ва ташкилотлар билан турли халқаро анжуманлар, маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва мулоқотлар ўтказиб келаётганини қайд этди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Малайзия Олий ҳукмдори Султон Иброҳим Исмоил  раҳнамолигида икки дўст давлат ўртасидаги тарихий алоқалар янги босқичга кўтарилди. 

Шу пайтга қадар Марказ  томонидан Малайзияда Ўзбекистоннинг тарихи ва бугунги ҳаёти ҳақида икки маротаба йирик фотокўргазма ўтказилди. Ўзбекистондаги ислом цивилизациси вакиллари ушбу дўст мамлакатга ўн маротабадан ортиқ хизмат сафарларида бўлиб қайтишди. Малайзиялик ҳамкорлар юртимизда ўтказилаётган халқаро анжуманларда мунтазам иштирок этиб келишади. 

2025 йил феврал ойида ҳурматли Президентимизнинг Малайзияга давлат ташрифи доирасида Марказ томонидан Куала-Лумпурда халқаро конференция, қатор учрашувлар, кўргазмалар, давра ва суҳбатлари ва тақдимотлар ўтказилди.  Малайзиядаги қатор илмий-маърифий муассасалар билан  меморандумлар имзоланди.

Малайзиядаги ислом санъати музейи Марказнинг доимий ҳамкорларидан бири саналади. Ўтган йили Президент Шавкат Мирзиёев сўзбошиси билан “Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳаси доирасида мазкур музейда сақланаётган Ўзбекистонга оид артефактлар ҳақида махсус китоб-альбом чоп этилди. Марказда Малайзия билан ҳамкорликда бугун ўтказилган халқаро илмий-амалий мулоқотлар мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга, муштарак маданиятимиз ва тарихимизни  теранроқ  англашга, турли цивилизациялар ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Президентимизнинг шахсий ғоя ва ташаббуслари билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат юртимизда, балки бутун минтақада ислом цивилизацияси ва Шарқ маданий меросини ўрганишга ихтисослашган йирик илмий-маърифий марказ сифатида шаклланмоқда. 

Малайзия қироличаси Ража Зарит София конференция очилиш маросимида нутқ сўзлаб, Ўзбекистондаги ислом цивилзациси маркази бугунги кунда ислом маданияти, тарихи, меросини жаҳон миқёсидаа ўрганишда катта аҳамият касб этишига тўхталиб, бугунги кунда исломий меросни ўрганиш, унинг жаҳон цивилизациядаги ўрнини белгилаш ниҳоятда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. 

– Ўзбекистон буюк алломалар юрти, бу заминдан етишиб чиққан Имом Бухорий, Абу Мансур Мотуридий, Имом Термизий сингари алломалар мероси бугунги кунда ҳам ислом оламида ўқиб ўрганилмоқда. Уларнинг асарларини, илмий қарашларини  кейинги авлодларга ҳам етказиш, уларнинг асраларида илгари сурилган умуминсонй ғояларни ҳаётимизда кенг тарғиб этишга катта эътибор қаратишимиз керак. Бу борада икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик кутилган самараларни беришига ишонаман, – деди Малайзия қироличаси.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Администрацияси департамент бошлиғи Музаффар Комилов, Малайзия олий таълим вазири Датук Сери Дираджа Замбри Абдулқодир, Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Туркиянинг Ибн Халдун университети профессори Алпарслан Ачикгенч ва бошқалар Ўзбекистон ва Малайзия ҳамкорлигининг истиқболлари, ислом цивилизацияси меросини тадқиқ этишдаги муҳим масалалар, илмий-маърифий алоқаларни  ривожлантириш бўйича тўхталиб ўтишди. 

Шунингдек, конференция кун тартиби доирасида икки мамлакат илм аҳли “Илм ва унинг таърифлари, анъанаси”, “Мусулмон дунёсида илм-фан таълими, “Замонавий даъватлар ва илмий парадигмалар” сингари мавзулардаги шўъба йиғилишларида ўз илмий маърузалари билан иштирок этишди. Малайзия ва Ўзбекистондаги қатор илмий-маърифий муассасалар, олий ўқув юртлари ўртасида меморандумлар имзоланди. 

Конференция доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносида ўтказилган экскурсиялар, марказ музейи экспозициялари билан танишув меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Туркиянинг Ибн Халдун университети профессори Алпарслан Ачикгенч Марказнинг Гиннесснинг рекордлар китобига киритилганини ниҳоятда қувонарли ҳодиса сифатида эътироф этди.

– Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларида илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарз эканлиги айтиб ўтилган. Бу ҳадиси шарифни Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига кириш дарвозаси пештоқида ўқиб бениҳоя хурсанд бўлдим. Бу марказ ислом оламидаги энг катта ислом цивилизацияси музейи сифатида Гиннесснинг рекордлар китобига киритилгани ҳам ниҳоятда қувонарли ҳодиса бўлди. Ўзбекистонда ана шундай Марказнинг яратилгани бу  мамлакатда илм-фан ва маданий  меросга, исломий қадриятларга эътибор қанчалик юксак эканини кўрсатади, – деди у.