Ислом цивилизациясининг замонавий тараққиёти
Ислом цивилизациясининг замонавий тараққиёти

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази билан ҳамкорликда “Марказий Осиёда ислом цивилизацияси: ўтмиш ва ҳозирги замон” мавзусидаги VI халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Анжуман жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган Марказий Осиё минтақасида яшаб ижод қилган, дунё тамаддуни ривожига бебаҳо ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирларнинг даҳоси, илм-фаннинг турли йўналишларидаги изланишлари ва қомусий билимларини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш мақсадида ўтказилди.
Онлайн ва оффлайн форматда ташкил этилган халқаро конференцияни Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб, буюк аждодларимиз меросини ўрганиш Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини эътироф этди.
Анжуман давомида сўнгги йилларда юртимизда Учинчи Ренессанснинг илмий-маънавий пойдеворини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мамлакатнинг ислом цивилизациясини ривожлантириш борасидаги ролини янада ошириш ҳамда буюк алломаларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини миллий ва халқаро миқёсда оммалаштириш жараёни қизғин давом этаётгани таъкидланди.