Ислом цивилизацияси марказида кўриш имконияти чекланган ташриф буюрувчилар учун инклюзив шароитлар таништирилди
13 ноябрь — Халқаро кўзи ожизлар куни муносабати билан Республика марказий кўзи ожизлар махсус кутубхонаси жамоаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказда меҳмонлар тарихий экспозициялар, замонавий технологиялар ҳамда кўриш имконияти чекланган шахслар учун яратилган инклюзив шароитлар билан танишди.
Ташриф давомида меҳмонларга исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдеворига бағишланган экспозициялар тақдим этилди. Ноёб тарихий манбалар, буюк алломалар мероси ва сунъий интеллект асосидаги интерактив намойишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Миралишер Файзиев, Республика марказий кўзи ожизлар махсус кутубхонаси директори ўринбосари:
«Марказда ҳар бир экспонатнинг ўзига хос бой тарихи борлиги ҳақида маълумот олдик. Айниқса, сунъий интеллект ёрдамида тарихимизнинг намойиш этилиши катта таассурот қолдирди. Кутубхонадаги замонавий шароитлар, онлайн машғулотлар учун махсус капсулалар ва кўзи ожиз китобхонларга ажратилган хоналар эътиборга молик».
Ташрифнинг муҳим қисми Марказ кутубхонаси билан танишув бўлди. Меҳмонлар бу ерда кўриш имконияти чекланган фойдаланувчилар учун мўлжалланган махсус хона, экранни катталаштирувчи қурилмалар, матнларни овозли ўқиб берувчи дастурлар ҳамда Брайль ёзувидаги адабиётлар билан танишди.
Умиджон Худоёрбеков, Республика марказий кўзи ожизлар махсус кутубхонаси бўлим мудири:
«Менда кўриш бўйича ногиронлик бўлса-да, экспозициялардаги маълумотлар менга тушунарли тарзда етказиб берилди. Кутубхонадаги тинч, замонавий муҳит ва биз учун яратилган шароитлар жуда маъқул бўлди. Бу ерга яна фаол китобхон сифатида келиш ниятидаман. Ёшларга ҳам Марказга ташриф буюришни тавсия қиламан. Чунки тарихий экспонатларни бевосита ўрганиш инсонда ўзгача таассурот қолдиради».
Меҳмонлар Марказ экспозицияларининг тарихий меросни чуқур англаш, ёшларни илм-фанга қизиқтириш ва китобхонлик маданиятини ривожлантиришдаги аҳамиятига ҳам тўхталди.
Маъмура Саттарова, Республика марказий кўзи ожизлар махсус кутубхонаси бўлим мудири:
«Ташриф давомида бу маскан фақат музей эмас, балки замонавий илмий платформа эканига амин бўлдик. Кўзи ожизлар учун махсус инклюзив хона, овозли дастурлар ва Брайль ёзувидаги илмий-оммабоп, бадиий, диний ҳамда тарихий китоблар фонди ташкил этилгани биз учун муҳим аҳамиятга эга».
Ташриф иштирокчилари Марказда тарихий мероснинг замонавий технологиялар билан уйғунлаштирилгани, илм-фан ва маърифатдан баҳраманд бўлиш учун турли эҳтиёжларга мос шароитлар яратилганини юқори баҳолади.
Мазкур маърифий ташриф Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг инклюзив таълим, маданий меросдан тенг фойдаланиш ва барча тоифадаги китобхонлар учун очиқ илмий-маърифий муҳитни шакллантириш борасидаги имкониятларини яна бир бор намоён этди.








