Ислом цивилизацияси маркази илмий кенгашида халқаро тақдимотлар ва илмий ҳамкорликнинг устувор вазифалари муҳокама қилинди
Ислом цивилизацияси маркази илмий кенгашида халқаро тақдимотлар ва илмий ҳамкорликнинг устувор вазифалари муҳокама қилинди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва топшириқлари асосида Марказ тақдимотларини дунёнинг 55 та давлатида ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар, халқаро анжуманларга тайёргарлик ҳамда янги илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Марказ директори, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида ўтказилган йиғилишда Кенгаш аъзолари, етакчи олимлар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Xалқаро тақдимотлардан кўзланган асосий мақсад — Янги Ўзбекистонда илм-фан, маданият, таълим ва диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни жаҳон жамоатчилигига танитиш, буюк аждодларимизнинг инсоният цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб этиш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Шу муносабат билан 7 октябрь куни Париж шаҳридаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ўтказилган халқаро илмий конференция ва Марказ тақдимотининг натижалари сарҳисоб қилинди. Нуфузли анжуманда турли мамлакатлардан ташриф буюрган олимлар, дипломатлар ва халқаро экспертларга Мовароуннаҳрнинг бой илмий-маънавий мероси, буюк алломаларимизнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ҳамда Ўзбекистонда ушбу меросни ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди. Тадбирнинг Euronews телеканали орқали кенг ёритилгани, CNN билан ҳамкорликда ахборот материаллари тайёрланаётгани ҳам қайд этилди.
Париждаги тақдимотнинг давоми сифатида 22 октябрь куни БМТнинг Женевадаги бўлимида халқаро илмий конференция ўтказилиши режалаштирилган. Анжуман доирасида Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳамда Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизийнинг илмий меросига бағишланган махсус кўргазма ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, йил якунига қадар Озарбайжон, Қатар, Уммон, Туркия ва Иорданияда ўтказиладиган тақдимотларга тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, Озарбайжондаги халқаро китоб ярмаркаси ва Бокудаги Муғом марказида Марказнинг илмий нашрлари, миниатюралар ҳамда маданий мерос намуналарини намойиш этиш режалаштирилган. Мазкур тадбирлар доирасида хорижий ҳамкорлар билан янги илмий ташаббуслар ва қўшма лойиҳаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Илмий кенгаш кун тартибидаги муҳим масалалардан яна бири — Олимлар форуми ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU)нинг навбатдаги халқаро конгрессини ташкил этиш бўлди.
Йил якунига қадар ўтказилиши режалаштирилган мазкур анжуманларда маҳаллий ва хорижий олимлар, тадқиқотчилар ҳамда халқаро экспертларни жалб этган ҳолда янги илмий ғояларни шакллантириш, истиқболли тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг натижаларини Марказ фаолиятига татбиқ этишга устувор аҳамият берилади. Шунингдек, илмий муассасалар, музейлар ва кутубхоналар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш назарда тутилмоқда.
Йиғилишда Президентимиз топшириқлари асосида Марказда шакллантирилаётган халқаро илмий платформани ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур йўналишда хорижий давлатлар билан 2027–2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик йўл хариталарини ишлаб чиқиш, қўшма тадқиқотларни йўлга қўйиш ва истиқболли илмий лойиҳаларни босқичма-босқич қўллаб-қувватлаш вазифалари муҳокама қилинди. Бунда халқаро тақдимотлар натижаларини узоқ муддатли илмий ҳамкорлик дастурларига айлантириш ва уларнинг амалий самарадорлигини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Марказнинг илмий-нашриёт фаолияти доирасида нашрга тайёрланаётган 104 та китоб лойиҳасини махсус экспертлар гуруҳи томонидан қайта кўриб чиқиш, уларнинг илмий мазмуни ва сифатини баҳолаш ҳамда нашрга тайёрлаш ишларини жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Мазкур лойиҳаларнинг 8 таси бўйича якуний қарорлар қабул қилингани маълум қилинди.
Илмий кенгашда жадид маърифатпарварлари меросини ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган янги ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг жадидлар меросини чуқур ўрганиш ва уларнинг тарихий хизматларини кенг тарғиб этишга қаратилган ташаббуслари доирасида Ислом цивилизацияси марказида жадидлар авлодлари иштирокида илмий-маърифий учрашув ташкил этилди. Унда жадидчилик ҳаракати намояндаларининг миллий уйғониш, илм-фан ва таълим тараққиётидаги ўрни муҳокама қилиниб, уларнинг ҳаёти ва фаолиятига оид янги тарихий маълумотлар, оилавий хотиралар билан ўртоқлашилди.
Учрашув натижасида Марказда жадидларга бағишланган алоҳида музей экспозициясини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Шу мақсадда жадидлар авлодлари билан ҳамкорликда оилавий архивларда сақланаётган ноёб тарихий ашёлар, ҳужжатлар ва бошқа материалларни тўплаш ҳамда келгуси олти ой давомида махсус экспозицияни шакллантириш режалаштирилмоқда.
Йиғилиш якунида халқаро тақдимотлар ва илмий анжуманларга тайёргарликни жадаллаштириш, ҳамкорлик йўл хариталарини ишлаб чиқиш ҳамда янги тадқиқот ва нашр лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Мазкур ишлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг илм-фан, маърифат ва маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда халқаро миқёсда тарғиб этишга қаратилган ташаббуслари доирасида амалга оширилиб, Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-тадқиқот ва маърифий ҳамкорлик платформаси сифатидаги фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.






