Ислом цивилизацияси маркази хорижлик мутахассисларни ҳайратга солди
Ислом цивилизацияси маркази хорижлик мутахассисларни ҳайратга солди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази навбатдаги нуфузли халқаро делегацияни қабул қилди. Қозоғистон Президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар институти директори Жандос Шаймарданов ҳамда экспертлар Марказ фаолияти ва экспозициялари билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида меҳмонлар Марказда яратилган бой мазмун, замонавий ёндашув ва юқори даражадаги тақдимотни алоҳида эътироф этдилар. Қайд этилганидек, мазкур маскан нафақат музей, балки ташриф буюрувчини тарих билан бевосита мулоқотга чорлайдиган замонавий илмий-маърифий макондир.
Жандос Шаймарданов Марказ ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашар экан, шундай деди:
“Мен кўрганларимдан жуда катта таассурот олдим. Шубҳасиз, бу замонавий Ўзбекистоннинг, хусусан Тошкентнинг энг ноёб дурдоналаридан биридир.Гиннес рекордлар китобига киритилгани эса — фахрланса арзийдиган маскан эканини англатади
Ўша даврда инсонлар илм-фан ва маърифатни ривожлантиришни устувор вазифа сифатида белгилаган. Жамиятнинг билимли бўлиши учун масъулиятни ўз зиммаларига олган. Бунга Мирзо Улуғбек обсерваторияси каби ноёб илмий иншоотлар яққол мисол бўла олади.
Шубҳасиз, мазкур маскан бугунги Ўзбекистон ёшлари учун муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда кўплаб ёшлар ва болаларни кўриш мумкин. Улар учун Марказ, аввало, илҳом манбаи, ўз тарихи ва маданиятини англаш имкониятидир. Бу ерда улар цивилизациянинг илдизлари ва тараққиёт йўналишларини чуқурроқ тушуниб боради. Анъанавий экспонатлар билан замонавий рақамли технологияларнинг уйғунлиги эса ёшларни ўз тарихи билан янада фаол қизиқишга ундайди.”
Делегация вакиллари Марказда қўлланилган замонавий ечимлар алоҳида эътиборга лойиқлигини таъкидладилар. Шунингдек, бу иммерсив маконда ташриф буюрувчи нафақат томошабин сифатида иштирок этади, балки айрим экспозицияларни бевосита ҳис этиб, гўёки қадимий давр муҳитига сингиб кетгандек бўлганликларини айтди.
Ташриф якунида делегация Ислом цивилизацияси марказининг илмий, маънавий ва маданий аҳамиятини юқори баҳолаб, унинг халқаро миқёсдаги нуфузи тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.







