Ислом цивилизацияси маркази — янги авлод гид-журналистлари учун илмий мактаб
Ислом цивилизацияси маркази — янги авлод гид-журналистлари учун илмий мактаб
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган, халқимизнинг бой тарихий ва илмий-маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва уни янги авлодга етказишга қаратилган йирик илмий-маърифий мажмуадир. Бугун Марказ нафақат тарих ва маданиятни намоён этувчи маскан, балки илмий изланиш, таълим ва амалий тажриба уйғунлашган муҳит сифатида ҳам янги авлод мутахассисларини тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Марказ ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлиги доирасида 2-босқич саёҳат журналистикаси йўналиши талабалари учун навбатдаги амалий машғулотлар ўтказилди.
Машғулот давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Турсунали Қўзиев талабаларга гид-журналистиканинг мазмун-моҳияти, унинг анъанавий экскурсоводликдан фарқи ҳамда тарихий-маданий меросни аудиторияга етказишда журналистик ёндашувнинг аҳамияти ҳақида амалий маълумотлар берди.
Профессорнинг таъкидлашича, гид-журналист шунчаки маълумот берувчи ёки экскурсия олиб борувчи эмас. У объектни чуқур ўрганиши, унинг тарихи ва илмий аҳамиятини англаши ҳамда бу билимларни ўз сўзи билан мазмунли тарзда аудиторияга етказа олиши керак.
«Гид-журналист — экскурсовод ёки оддий гид эмас. У объектни тадқиқ қилади, ўрганади, тарихини билади ва уни ўз сўзи билан тушунтириб беради. Биздаги тарихий ва маданий бойликларни кенг тарғиб қиладиган мутахассислар айнан шундай гид-журналистлар бўлади», — деди Турсунали Қўзиев.
Унинг фикрича, гид-журналистика журналистикадаги янги амалий йўналиш сифатида айнан Ислом цивилизацияси марказидаги илмий ва таълимий муҳитда шаклланиб, келгусида ўз ўрнини эгаллаши мумкин.
Машғулотларда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Журналистика факультети декани Шаҳноза Тайлакова ҳам иштирок этиб, марказ ва университет ҳамкорлиги талабалар учун яратаётган имкониятларга тўхталди.
«Ислом цивилизацияси маркази халқимиз, миллатимиз ва мамлакатимиз учун жуда муҳим даргоҳ. Бу маскан бизга тарихимиз ва ким эканимизни англаш ҳақида сўзлайди. Талабаларимизнинг ана шундай муҳитда таълим олаётганидан фахрланаман», — деди Шаҳноза Тайлакова.
Деканнинг қайд этишича, марказ ва университет ҳамкорлиги доирасида гид-журналистика йўналишида кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва ўқув адабиётларини яратиш билан бир қаторда, тайёрланган мутахассисларнинг келгусида Ислом цивилизацияси, ислом маданияти ва Ўзбекистоннинг бой маданий меросини жаҳон медиа маконида кенг тарғиб этиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ЮНЕСКО ва ихтисослашган медиа кафедраси филиали Марказда ташкил этилгани ҳам ҳамкорликнинг таълим билан чекланиб қолмасдан, илмий-тадқиқот ва медиа соҳаларини бирлаштирувчи янги платформага айланаётганини кўрсатади.
Бу ерда талабалар аудиторияда олган назарий билимларини тарихий манбалар, илмий маълумотлар ва музей экспозициялари билан бевосита ишлаш орқали мустаҳкамламоқда. Яъни Марказ — улар учун дарс ўтиладиган макон эмас, балки ўрганиш, тадқиқ қилиш, таҳлил этиш ва ўз билимларини аудиторияга етказиш кўникмалари шаклланадиган тирик илмий муҳитдир.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ёшларни миллий тарих ва бой маънавий меросни чуқур ўрганишга, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашга йўналтиришга қаратилган ташаббуслар нуқтаи назаридан, бундай таълимий ва амалий майдонларнинг аҳамияти янада ортади. Зеро, тарихий меросни келажак авлодга етказиш нафақат уни билиш, балки уни замонавий тил ва усулларда дунёга танитишни ҳам талаб этади.
Шу маънода, Ислом цивилизацияси маркази ёшлар учун ўтмишни ўрганиш билан бирга, унинг мазмун-моҳиятини замонавий медиа тилида кенг аудиторияга етказиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қиладиган муҳим илмий-маърифий муҳитдир.
Зеро, тарихий ва маданий меросни асраб-авайлаш билан бир қаторда, уни замонавий медиа тилида дунёга тушунтира оладиган янги авлод мутахассисларини тайёрлаш ҳам бугуннинг муҳим вазифаларидан биридир.








