Ислом цивилизацияси алломалари
Ислом цивилизацияси алломалари

Тошкентда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази барпо этилмоқда. Марказда ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар, анжуманлар зали, кутубхона, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни реставрация қилиш хоналари билан бирга энг муҳими - аждодларимизнинг илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссаси ва меъморлик анъаналарига бағишланган кўргазма заллари ҳам жойлашади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганидек, “Бу марказ орқали илм, маърифат, маданият ривожига миллатимиз қўшган ҳиссани муҳрлаб қўймоқчимиз, бу улуғ меросни халқимизга, ёшларимизга етказмоқчимиз”.
Цивилизация (лотинча “civilis” – “фуқаровий”, “давлатга оид” сўзларидан) дейилганида тарихий жараёнларнинг инсоннинг ушбу жараён давомида моддий-техникавий ва маънавий ютуқларининг муштараклиги англанади.
Ўрта асрлар шундан далолат берадики, Шарқда, шу жумладан юртимизда фан, тиббиёт, маданият ва таълим-тарбия, адабиёт, санъат ва архитектура соҳаларидаги беқиёс юксалиш, илмий мактабларнинг вужудга келиши, янги-янги истеъдодли авлодлар тўлқинининг пайдо бўлиши ва вояга етиши – буларнинг барчаси иқтисодиёт, қишлоқ ва шаҳар хўжалигининг жадал ўсиши, ҳунармандлик ва савдо-сотиқнинг юксак даражада ривожланиши, йўллар қурилиши, янги карвон йўлларининг очилиши билан бевосита боғлиқ бўлган.
Марказий Осиё халқлари ҳаётида ривожланган маданиятнинг мавжуд бўлгани ҳақида қадимги бақтрия, сўғд, ўрхун, хоразм ёзувларида битилган ёдгорликлар, деворий тасвирий санъат асарлари ва ҳайкалчалар, архитектура намуналари ҳудди шундан далолат беради.
XI-XIII асрларда асос солинган Хоразм давлати, Форс кўрфазигача бўлган ҳудудлардаги қўшни халқлар ерларини бирлаштирган ҳолда, Осиё қитъасининг катта қисмини қамраб олган.
Милодгача бўлган II асрдан милодий XV асрга қадар Буюк Ипак йўли қадимий халқаро транспорт артерияси вазифасини бажариб, Хитой, Ҳиндистон ва Марказий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ, Ўртаер денгизи минтақаси каби ҳудуд ва мамлакатларни боғлаб келган.
Буюк ипак йўли фақат ҳудудлар ўртасида савдо-сотиқ алоқаларини, балки қитъалар ва давлатлар ўртасида ахборот алмашувини таъминлашга ҳам хизмат қилган, янги технологиялар, пак, чинни буюмлар, порох, қоғоз ва бошқа кўплаб маҳсулотларнинг тез тарқалишида, қишлоқ хўжалиги экинларининг, шунингдек маданий қадриятларнинг ривожланишида муҳим восита вазифасини бажарган ва шу тариқа цивилизациялараро мулоқот ва технологиялар алмашуви учун шарт-шароитлар яратган.
Бу даврларда турли мамлакатлар халқларининг илмий билим ва ютуқлар билан бир-бирини бойитиб бориши алоҳида роль ўйнаган. Буюк Ипак йўли орқали Европага, Европадан эса Осиёга Шарқ ва Ғарб оламидаги улуғ аллома ва мутафаккирлар фаолияти тўғрисидаги маълумотлар етказилган. Сократ, Платон, Аристотель, Птоломей ва антик даврга мансуб бошқа буюк алломаларнинг илмий асарлари, ғоя ва кашфиётларини ўрганиш учун амалий имконият вужудга келган.
Ўша даврларнинг анъаналарига кўра, маърифатпарвар мутафаккир ва файласуфлар, олимлар ва шоирлар одатда ҳукмдорлар ва султонлар саройларида паноҳ топганлар. Улар орасида IX-XI асрларда Хивада ташкил этилган Маъмун академияси ва "Байтулҳикма", яъни "Донишмандлик уйи" деган ном билан шуҳрат қозонган Бағдод академиясида, шунингдек, XV асрда Самарқандда шаклланган Мирзо Улуғбекнинг илмий мактабида самарали меҳнат қилган бир гуруҳ олимлар бутун дунёга донг таратганлар.
Шарқ, хусусан, Марказий Осиё минтақаси IX-XII ва XIV-XV асрларда қудратли илмий-маданий юксалишнинг манбаи ҳисобланиб, жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги Ренессанс жараёнларига ижобий таъсир кўрсатган Шарқ уйғониш даври – Шарқ Ренессанси сифатида дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган.
Агар Европа Уйғониш даврининг натижалари сифатида адабиёт ва санъат асарлари, архитектура дурдоналари, тиббиёт ва инсонни англаш борасида янги кашфиётлар юзага келган бўлса, Шарқ Уйғониш даврининг ўзига хос хусусияти, аввало, математика, астрономия, физика, химия, геодезия, фармакология, тиббиёт каби аниқ ва табиий фанларнинг, шунингдек, тарих, фалсафа ва адабиётнинг ривожланишида намоён бўлди.
Ўрта асрларнинг илк даврида Шарқда амалга оширилган буюк илмий кашфиётлар ҳақида гапирилганда, энг аввало замонавий математика, тригонометрия ва география фанлари тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий номи тилга олинади. Унинг ихтиролари математика ва астрономия фанларини ривожлантиришда кескин бурилиш ясаган.
Ал-Хоразмий алгебра фанига асос солган, илмий маълумот ва трактатларни баён этишнинг аниқ қоидаларини ишлаб чиққае, шунингдек астрономия, география ва иқлим назарияси бўйича кўплаб илмий асарлар муаллифи ҳисобланади. Алломанинг дунё илм-фани ривожидаги хизматлари эътироф этилиб, Шарқ олимлари орасида фақат унинг номи ва асарлари "алгоритм" ва "алгебра" каби замонавий илмий атамаларда абадийлаштирилган.
Аҳмад Фарғоний томонидан IX асрда яратилган “Астрономия асослари” фундаментал асарида оламнинг тузилиши, Ернинг ўлчови ҳақидаги дастлабки маълумотлар, сайёрамизнинг шарсимон кўринишга эга экани хусусидаги далиллар мавжуд бўлиб, мазкур китоб XVII асрга қадар Европа университетларида астрономия бўйича асосий дарслик сифатида ўқитиб келинган ҳамда Буюк географик кашфиётлар даврида Колумб, Магеллан ва бошқа саёҳатчиларнинг кашфиётлари учун илмий асос бўлиб хизмат қилган. Аҳмад Фарғоний Ўрта асрлардаёқ асосий астрономик асбоб – устурлоб назариясини ишлаб чиққан, шунингдек Нил дарёсида “ниломер” деган, кўп асрлар давомида сув сатҳини ўлчайдиган асосий восита сифатида хизмат қилиб келган машҳур иншоотни яратган.
Улуғ қомусий аллома Абу Райҳон Берунийнинг 150 дан зиёд илмий ишларидан бизгача фақат 31 таси етиб келганига қарамасдан, ана шу тўлиқ бўлмаган илмий ишлари намуналари ҳам унинг нақадар серқирра мерос қолдирганидан далолат беради. Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб денгизлар назарияси ва Ернинг шарсимон глобусини яратиш юзасидан ўзига хос янги ғояларни таклиф этган,. У Ер радиусини ҳисоблаб чиққан, вакуум, яъни бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб берган, Колумб саёҳатидан 500 йил олдин Тинч ва Атлантика океанлари ортида қитъа мавжудлиги ҳақидаги қарашни илгари сурган минераллар таснифи ва уларнинг пайдо бўлиш назариясини ишлаб чиққан, геодезия фанига асос солган. Шунинг учун ҳам XI аср бутун дунёдаги табиий фанлар тарихчилари томонидан “Беруний асри” деб аталиши бежиз эмас.
“Ислом оламининг энг машҳур файласуфи ва қомусий алломаси ҳамда инсониятнинг энг буюк мутафаккирларидан бири” деган унвонга сазовор бўлган Абу Али ибн Синонинг ҳаёти ва фаолияти авлодларда алоҳида ғурур ва эҳтиром туйғуларини уйғотади. Илмий тадқиқот ишларини 16 ёшида бошлаган бу улуғ зот ўз умри давомида 450 дан ортиқ асар яратди. Уларнинг аксарияти аввало тиббиёт ва фалсафа, шунингдек, мантиқ, кимё, физика, астрономия, математика, мусиқа, адабиёт ва тилшунослик соҳаларига бағишланган. Леонардо да Винчи, Микеланжело, Фрэнсис Бэкон ва бошқа кўплаб олимлар авлоди унинг асарларини ўқиб, ҳайратга тушганлар.
Ибн Сино тиббиёт тарихида энг машҳур бўлган, “Тиб қонунлари” деб аталган бебаҳо фундаментал асари билан кейинги бир неча юз йиллар учун тиббиёт фанлари тараққиётининг асосий йўналишларини олдиндан белгилаб берган, ҳозирги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган амалий тиббиёт ва фармакология соҳаларининг энг муҳим усулларига асос солган. Бу китоб Европада XV асрда чоп этилган дастлабки китоблардан бири бўлган ва Европанинг етакчи университетларида қарийб 500 йил давомида тиббиёт илми айни шу асар асосида ўқитиб келинган.
X асрнинг қомусий алломаси Абу Наср Форобийни замондошлари, универсал билимларга эга бўлгани боис, “Шарқ Аристотели” деб атаганлар. У кўплаб фанларни илмий кашфиётлар билан бойитган, турли мамлакатлар олимларининг фалсафий қарашларини ривожлантирган ва 160 дан ортиқ асар ёзган. Улардан энг машҳурлари “Моҳият хусусида сўз”, “Фанларнинг пайдо бўлиши ҳақида китоб”, “Тафаккур моҳияти” ва бошқа асарлар ҳисобланади. Форобий асарларининг асосий қисми кўплаб Европа ва шарқ тилларига таржима қилинган ва ҳозирги кунга қадар чуқур тадқиқотлар мавзуси бўлиб келмоқда.
Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг бутун бир авлоди ҳақида сўз юритилганда, биринчи навбатда Мирзо Улуғбек ва унинг Қозизода Румий, Али Қушчи сингари кўплаб сафдошлари ва шогирдлари номлари тилга олинади. Амир Темурнинг набираси бўлган, 40 йил Самарқандда ҳукмдорлик қилган Мирзо Улуғбек астрономия соҳасидаги буюк аллома сифатида шуҳрат қозонган ва унинг номи ҳақли равишда Коперник, Жордано Бруно, Галилей ва бошқа улуғ илм-фан даҳолари қаторида тилга олинади.
Мирзо Улуғбекнинг XV асрда тузган астрономия жадвалида 1018 та юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви баён қилинган бўлиб, бу асар астрономик ўлчовлар бўйича 16 аср давомида яратилган биринчи янги каталог бўлган.
Мирзо Улуғбекнинг сафдоши Ал-Коший биринчи бўлиб ўнлик касрларни илмий истеъмолга жорий этди, эркин даражалар илдизларининг изчил яқинлашиб бориши ва уларни топиш методларини ишлаб чиққан.
Бунга Мирзо Улуғбек обсерваторияси билан Самарқандни ўраб турадиган энг баланд тепаликлардан бирида жойлашган, буюк аллома номи билан аталадиган музейда гувоҳ бўлиш мумкин.
Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази музейида ҳам бу аллома олимларимизнинг буюк ихтиролари кенг намойиш қилинади.




