IRCICA ҳамкорлигида илмий тўплам нашр этилди
IRCICA ҳамкорлигида илмий тўплам нашр этилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIS)нинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) ҳамкорлигида ўтказилган “Ўзбекистондаги қўлёзма фондлар: муҳофаза қилиш, каталоглаштириш ва мутахассислар малакасини ошириш” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конфренциясининг мақолалари яҳлит тўплам ҳолида нашр этилди.
Мазкур илмий тўплам орқали исломшунос ва шарқшунос олимлар, илмий тадқиқотчиларнинг Ўзбекистондаги қўлёзма фондлар фаолияти ва уларни муҳофаза қилиш, бошланғич тавсифлаш ва онлайн каталоглаштириш, қўлёзмаларни илмий ўрганиш, нашр қилиш, алломалар ижоди ва қўлёзма мероси, хаттотлик санъати каби мавзулардаги илмий мақолалар билан танишиш мумкин.
Тўпламда Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсуповнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” Қуръони каримдан кейинги асосий манба” мақоласи нашр этилган. Мақолада Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари ислом оламида Аллоҳ таъолонинг китобидан сўнг асосий манба эканлиги, ер юзидаги барча жумҳур уламолар мазкур китобни Қуръони каримдан кейинги ишончли китоб эканлигига иттифоқ қилганлари, бу китобни катта иноят билан қабул қилиб, юқори мақомга қўйганлари ҳақида айтилган.
Ундан ташқари ушбу асарнинг қўлёзма нусхалари тўлиқ ёки баъзи қисмлардан иборат қўлёзма нусхалари дунёнинг 2327 та кутубхоналарида сақланаётганлиги ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIS)нинг Туркиядаги Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) қадимий ноёб қўлёзма ва тошбосма асарларни муҳофаза қилиш, каталоглаштириш, таржима ишларини олиб бориш ҳамда мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.




