Инсонпарварликнинг амалий ифодаси

Инсонпарварликнинг амалий ифодаси

 

fvpfvapvfyrierifuericfkcpcfkrfkeirfukifuykaei.jpg

 

     Рамазон нафақат рўза тутиш, балки қалбни поклаш, меҳр-оқибатни кучайтириш ва жамиятда ўзаро ғамхўрликни мустаҳкамлаш ойидир. Бу муборак ойда инсонпарварлик, саховат ва ҳамжиҳатлик каби юксак қадриятлар янада ёрқин намоён бўлади. Айниқса, эҳтиёжманд инсонларга ёрдам қўлини чўзиш, уларнинг дардини енгиллаштириш — жамият маънавий баркамоллигининг муҳим мезони ҳисобланади.

      Ана шундай муборак паллада ижтимоий ҳимояга энг муҳтож қатламларга манзилли кўмак кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида намоён бўлиб, унинг ижтимоий масъулияти ва инсоний бурчини амалда тасдиқлайди. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимоя қамрови янада кенгайтирилиб, “камбағал оила” тоифасига киритилган оилаларга ҳамда маҳалла даражасида аниқ ижтимоий ҳолатдан келиб чиққан ҳолда “маҳалла еттилиги” томонидан шакллантириладиган қўшимча рўйхат асосида киритилган оилаларга 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилиши белгиланди.  

      Бугунга қадар, биринчи босқичда 616 305 та оилага жами 422,4 млрд. сўм маблағ тўлаб берилди.

     Шундан 207 661 та — давлат таъминотидаги оилаларга,  3 848 та — етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга,  17 032 та — ёлғиз яшовчи, парваришга муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тегишли маблағлар ажратилди. 387 764 та кам таъминланган оилага эса 500 минг сўмдан маблағ ажратилди.  

     Иккинчи босқичда эса рўйхати қўшимча шакллантирилган ҳамда ҳужжатлари ўрганилаётган оилаларга моддий ёрдам йўналтирилади.

     Бундан ташқари ижтимоий реестрга киритилган оилалар аъзолари орасидан 6 минг нафар фуқаронинг даволаниши ва зарур жарроҳлик амалиётларини молиялаштириш чоралари белгиланди.

     Кенг қамровли ижтимоий чора-тадбирларни амалга ошириш учун давлат томонидан 800 миллиард сўм миқдорида молиявий ресурслар йўналтирилиши белгиланиб, ушбу қарор Давлатнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш борасидаги қатъий сиёсий иродаси ва молиявий масъулиятининг ёрқин ифодасини кўрсатмоқда.  

     Шунингдек,  “давлат таъминотидаги оила” ва “камбағал оила”ларга ажратилаётган моддий ёрдамлар жисмоний шахслар даромади таркибига киритилмайди ва даромад солиғига тортилмайди. Яъни, эҳтиёжманд фуқароларга кўрсатилаётган кўмак тўлиқ ҳажмда уларнинг ихтиёрига етказилади.