Инсон жамиятни ўзини ўзгартиришдан бошлайди
Инсон жамиятни ўзини ўзгартиришдан бошлайди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасини “Буюк Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади” деган ҳадис билан бошланишида албатта жуда чуқур маъно бор” деб бошлаганининг ҳикмати шундаки, ҳар бир ишнинг сабаби – ният, самараси ёки файласуфлар ифодаси билан айтганда, оқибати – амал бўлади. Шунинг учун ҳам улуғларимиз дуога қўл очганда Раббимиздан қалбларимиздаги эзгу ниятларимизга етказишини сўрайди.
Кўнгилга ниятни тугиб, мақсадни аниқ белгилаб олган инсон ана шу ниятига етиш учун чин дилдан ҳаракат қилмоғи керак. Чунки ниятига етишни астойдил ҳаракат қилган одамга дангасалик, лоқайдлик, бефарқлик каби иллатлар бегона бўлмоғи; йўлида учраган турли тўсиқларни мардонавор енгиб ўтиш учун сабр-бардошли, қатъиятли, шижоатли бўлмоғи даркор.
Бу сифатларни ҳам Юртбошимиз: “Буюк аллома Нажмиддин Кубро ҳазратлари “Муваффақиятни – саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса – лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим”, деб бежиз айтмаганлар”, дея лўнда қилиб ифодалаб берганлар.
Давлатимиз раҳбари иккита буюк аждодимиз ҳақида гапириб “Бу – ҳаёт синовларида тобланган, сўзида қатъий турадиган, ишнинг кўзини биладиган, меҳнаткаш, мард ва матонатли халқимиздир”, дея халқимизни сифатлаб ўтганлар.
Ана шу гаплар асосида юртимизга зиёрат туризмига келган хорижлик бир сайёҳнинг гапини таъкидлаб ўтмоқчиман. “Бу халқдан азизу авлиёлар нега бунча кўп чиққанини энди англаб етдим. Бу халқ ниҳоятда матонатли халқ экан”, деган эди у.
Ҳақиқатан, халқимиз азал-азалдан игна билан қудуқ қазишдек машаққатли ва бутун умр бўйи давом этадиган илм эгаллаш борасида саъй-ҳаракат қилиб келгани боис буюк олимлару, азиз-авлиёларни етиштириб чиқарган.
Ана шу эзгу ва шарафли анъаналарни давом эттириш учун эса таълим тизимини замон талаблари асосида моделлаштириш лозим.
Бу ҳақда давлатимиз Раҳбари:
“Илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш зарур.
Халқимизда “таълим ва тарбия бешикдан бошланади” деган ҳикматли бир сўз бор. Фақат маърифат инсонни камолга, жамиятни тараққиётга етаклайди.
Шу сабабли, таълим соҳасидаги давлат сиёсати узлуксиз таълим тизими принципига асосланиши, яъни, таълим боғчадан бошланиши ва бутун умр давом этиши лозим”, дея алоҳида таъкидлаб ўтганлар.
Юртимизда “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси ҳақидаги ташаббуснинг қўллаб-қувватланганининг бош сабаби бу – Ўзбекистон халқининг ўзини асрлар давомида оқлаб келаётган ҳаётий тажрибаси ва бу амалиётни дунё ҳамжамияти томонидан тан олиниши.
Мурожаатномада “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради.
Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади.
Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир”, дейилишининг ўзиёқ ана шу фикримизни тасдиқлайди.
Шундай экан, жамиятимизни ўзгартириш, ҳаётимизни мазмунли, кунларимизни осойишта ўтказиш учун ёш қари – барчамиз онгимизни ўзгартиришимиз, маҳаллийчиликлардан, беғамликлардан буткул воз кечиб, юксак идеалларга содиқ бўлиб, ғайрат-шижоат билан замон талабларига мослашиб, қўлни-қўлга бериб, елкани елкага қуйиб ҳаёт кечирмоғимиз лозим.




