Инсон ҳуқуқлари уйида янги китоблар тақдимоти

Инсон ҳуқуқлари уйида янги китоблар тақдимоти

 

vaprprvapravprvaprvapr.jpg

      Инсон ҳуқуқлари уйида Ғулом Мирзонинг “Эй, Ой!” номли сайланма ва “О, Луна!” шеърлар китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Маърифий тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил топганининг 30 йиллиги ва 27 февраль – Халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари кунига бағишланди.

     Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов тадбирни очар экан, даставвал, Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 15 январда қабул қилинган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталди. 

      Ушбу ҳуқуқий ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад 2026 - 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини оширишдан иборат экани ҳамда юртимизда 1 одам ўқийдиган китоб сонини йилига ўртача ўнта китобга етказиш вазифа этиб белгилангани таъкидланди.

      Қарорга мувофиқ, барча вазирлик ва идораларда “Китоб бурчаги” ташкил этилиб, ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати” йўлга қўйилмоқда, чунки китоб мутолаасида гап кўп. Шарқ ва Ғарбда инсониятни юксак тараққиёт сари бошлаган Ренессансларнинг барчаси китоб ёзиш ва тарқатиш, кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, турли тиллардан турфа асарларни таржима қилиш ҳамда ўқиш ва ўрганишдек қамровдор маънавий-маърифий жараёнларга таянган.

     Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим, ахборот тарқатиш, ҳуқуқий маданият ва маърифатни юксалтириш борасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари уйи муҳим платформа вазифасини бажармоқда. Хусусан, 2025 йилда Инсон ҳуқуқлари уйи томонидан 2 минг 968 нусха инсон ҳуқуқларига оид адабиёт кутубхоналар, турли идора ва ташкилотларга беғараз тақдим этилди. Турли мавзуларда 30 тадан ортиқ тадбир, жумладан, янги китоблар тақдимотлари  ўтказилди.