Инсон саломатлиги йўлидаги муҳим қадамлар

Инсон саломатлиги йўлидаги муҳим қадамлар

 

risunok3jpgyutyu57856y5y56y5656yhe6hertyerthe45y.jpg

Тошкент вилоятида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва замонавий даволаш усулларини амалиётга жорий этиш борасида қатор ўзгаришлар амалга оширилиб, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда

Жумладан, 2017 йилда вилоятда 238 та тиббиёт муассасаси фаолият юритган бўлса, ҳозир уларнинг сони 264 тага етди. Шифокорлар сони 4 минг 320 нафардан 5 минг 130 нафарга кўпайди. Тиббиёт соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Тошкент давлат тиббиёт университетининг Чирчиқ филиали фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса ҳудудда соҳа мутахассисларига бўлган эҳтиёжни қондириш, ёш кадрларнинг билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади.

Ўз навбатида тиббий хизмат сифати, аввало, зарур ташхис қўйиш имкониятлари ва замонавий ускуналар билан таъминланганликка боғлиқ. 2017 йилда магнит-резонанс томография текшируви фақат Зангиота ва Олмалиқ туманларида мавжуд бўлган бўлса, ҳозирда бундай имкониятлар вилоятнинг 15 та туман ва шаҳрида йўлга қўйилган. Соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди. Кейинги уч йилда соҳага йўналтирилаётган маблағлар 5 баробар кўпайиб, 3 триллион сўмга етди. Тиббиёт ходимлари иш ҳақи ҳам шу даврда 5 баробар оширилди.

Тиббиёт муассасаларини замонавий жиҳозлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ўтган даврда “Ishonch-2030” дастури доирасида 108 миллиард сўмлик тиббий ускуналар харид қилинди. Корея томони гранти асосида эса 71 миллиард сўмлик 35 турдаги 832 та тиббий жиҳоз етказиб берилди. Шунингдек, 18 миллиард сўм маблағ эвазига тўрт қаватли вилоят қон қуйиш маркази ташкил этилди. Тери саратонини эрта аниқлашга мўлжалланган сунъий интеллект тизимини жорий этиш учун 1,3 миллиард сўм йўналтирилди.