Инсон қадрини улуғлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бош мезонга айланди
Инсон қадрини улуғлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бош мезонга айланди

11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда касаба уюшмалари тизимида амалга оширилган ижтимоий лойиҳалар, кўрик-танловлар ва турли ташаббуслар ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти, ҳудудий ва тармоқ кенгашлари вакиллари, тизим ташкилотлари мутасаддилари, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган касаба уюшма фаоллари, меҳнат фахрийлари ҳамда танлов ғолиблари иштирок этдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов тадбир иштирокчиларини байрам билан табриклаб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнаткашлар учун муносиб шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг аҳамияти хусусида сўз юритди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мамлакатимиздаги энг йирик жамоат ташкилотларидан бири сифатида миллионлаб меҳнаткашларни бирлаштириб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш йўлида изчил фаолият олиб бормоқда. Бу эса тизим зиммасига катта масъулият юклайди.
Давлатимиз раҳбарининг «Кучли касаба уюшмалари – кучли жамият асосидир!» деган ҳаётий тамойили бугунги фаолиятнинг муҳим мезонига айланган. Зеро, кучли касаба уюшмалари, аввало, бошланғич ташкилотлардан бошланади. Айнан шу қуйи бўғин ходимлар билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганади, қонуний манфаатларини ҳимоя қилади ҳамда меҳнат жамоаларида ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.