Индонезия телеканаллари “Ўзбекистонда Рамазон” дастурини намойиш этади
Индонезия телеканаллари “Ўзбекистонда Рамазон” дастурини намойиш этади

Индонезиянинг қатор оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат делегация юртимизга келди.
Делегация аъзолари 166 миллион аудиторияга эга бўлган “ANTV”, “CNN”, TVRI, RRI, TransTV, Trans7 va ASWA Muslim TV каби телеканал мухбирларидан ташкил топган. Улар икки ҳафта мобайнида республикамизнинг турли ҳудудлари жумладан, Тошкент, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Қўқон шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилишади.
Мазкур ташриф Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Индонезия Республикасидаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, бунда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, зиёратгоҳлари ва тарихий обидалари билан таништиришга доир барча қулай шароитлар яратилган.
Оммавий ахборот воситалари вакилларининг ташрифи мобайнида Индонезия миллий телевидениесининг бир неча каналларида “Ўзбекистонда Рамазон” теледастури яратилиб, унда Рамазон ойида саҳарлик ва ифторлик вақтларида индонезиялик томошабинлар учун Ўзбекистоннинг зиёратгоҳлари ва буюк уламолари ҳақида маълумот берувчи материаллар узатиб борилади. Шунингдек, делегация томонидан сайёҳлик манзиллари билан танишилиб, туризм соҳасидаги туроператор, авиакомпания, меҳмонхона ва музей каби турли ташкилотлар билан ҳамкорлик имкониятлари ўрганилади.
Мазкур ташрифдан кўзланган мақсад индонезиялик сайёҳларнинг Ўзбекистон ҳақида хабардорлигини ошириб, зиёрат туризмини кенг тарғиб қилиш орқали сайёҳлар оқимини оширишдир.




