Индонезия Ҳаж ва Умра вазири: "Ўзбекистон Индонезия халқи қалбида алоҳида ўринга эга"
Индонезия Ҳаж ва Умра вазири: "Ўзбекистон Индонезия халқи қалбида алоҳида ўринга эга"
Индонезия Ҳаж ва Умра вазири Муҳаммад Ирфан Юсуф бошчилигидаги делегация Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистоннинг бой илмий-маънавий мероси билан танишди. Ташриф давомида Имом Бухорий мероси, Нақшбандия таълимоти ҳамда Ўзбекистон ва Индонезия халқларини боғлаб турувчи тарихий ришталар алоҳида таъкидланди.
Марказга ташриф буюрган Индонезия делегацияси бу масканда жамланган тарихий манбалар, илмий мерос ва маданий қадриятлар билан яқиндан танишди. Экспозицияларда Ислом цивилизациясининг шаклланиши, турли даврлардаги тараққиёти ва жаҳон тамаддунига кўрсатган таъсири изчил намоён этилгани меҳмонлар эътиборини тортди.
Доктор Муҳаммад Ирфан Юсуф марказнинг концепциясига юқори баҳо берар экан, уни тарихни англашга хизмат қиладиган муҳим илмий-маърифий маскан сифатида эътироф этди.
“Ушбу музей орқали Ислом тарихини, унинг қандай шаклланиб, ривожланиб борганини чуқурроқ ўрганишимиз мумкин. Менимча, бу жуда ажойиб ғоя. Чунки тарихни ўрганиш биз учун ниҳоятда муҳим. Зеро, ўтмишдан сабоқ олиб, келажак авлод учун тўғри йўл ва мустаҳкам пойдевор яратишимиз мумкин. Шу боис, айниқса, ёш авлод тарихимиз ва бу каби бой мерос ҳақида чуқур билимга эга бўлиши керак.
Ўзбекистон Индонезия халқи қалбида алоҳида ўрин тутади. Бу заминдан кўплаб буюк уламолар етишиб чиққан. Биз дунёга машҳур Имом Бухорийнинг илмий меросини юксак қадрлаймиз. Индонезияда кўплаб талабалар “Саҳиҳул Бухорий” асарини ўрганадилар. Шунингдек, мамлакатимизда Нақшбандия тариқатининг кўплаб издошлари бор. Ўзбекистоннинг ана шундай бой илмий-маънавий мероси ва тарихини яқиндан ўрганиш учун бу юртга яна келишим керак, деб ўйлайман.”
Унинг фикрича, музей экспозициялари орқали нафақат Ислом тарихининг ривожланиш жараёнлари, балки турли даврларда юз берган ўзгаришларни ҳам яхлит тасаввур қилиш мумкин. Бундай ёндашув тарихни оддий саналар ва воқеалар кетма-кетлиги сифатида эмас, балки бугунги кун учун сабоқ берадиган тажриба сифатида англаш имконини беради.
Айниқса, бу билимларнинг ёш авлодга етказилиши муҳим. Зеро, ўз тарихини билган авлод ўзининг илмий ва маънавий илдизларини англайди, ўтмиш тажрибасидан келиб чиқиб келажак учун хулоса чиқаради. Шу маънода, марказнинг илмий ва маърифий йўналиши халқаро меҳмонлар учун ҳам алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.
Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги алоқаларнинг яна бир муҳим жиҳати эса умумий илмий-маънавий меросда намоён бўлади. Индонезия халқининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши, аввало, бу замин билан боғлиқ буюк алломалар фаолияти билан чамбарчас алоқадор.








