Ҳинд-Ислом ҳаттотлигининг ёзма санъати
Ҳинд-Ислом ҳаттотлигининг ёзма санъати

Ўзбекистон тарихи давлат музейида Лал Бахадур Шастри номидаги ҳинд маданияти маркази ва Ўзбекистон Бадиий Академияси ҳамкорлигида «Ҳиндистоннинг ёзма мероси: Ҳинд-Ислом ҳаттотлигининг ёзма санъати» номли кўргазма ташкил этилди.
Кўргазмада 100 дан ортиқ Ҳирот санъат мактаби буюк ҳаттотларининг XV-XIX асрларда Ҳиндистоннинг турли ҳудудларида яратилган куфий, насъҳ, сулс, настаълиқ, шикаста, таълиқ йўналишидаги ҳаттотлик ишларидан намуналар намойиш этилди. Ушбу ёзув намуналари, айниқса, Қуръон оятларининг Насъҳ ва Сулс хатида нафис ёзилишида кенг қўлланилган.
Маълумки, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар дўстлик, ўзаро ишончли ҳамкорлик, минг йиллик тарихий-маданий, маънавий ришталар орқали ривожланиб келган. Қадимдан икки давлат илм-фан тараққиёти ва тинчликка интилиб, халқлар бирдамлиги учун ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратган. Буюк бобокалонларимиз Ҳиндистон халқининг тарихи бобида беназир асарлар яратгани, ўзбек ва ҳинд санъатлари миллий маданиятлар ва адабиётларимиз ҳамоҳанг эканлигидан далолат беради.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида маданий алмашувларни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этаётган «Ўзбекистон-Ҳиндистон» дўстлик жамияти, Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳинд маданияти маркази фаолияти йўлга қўйилгани, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни конструктив руҳда ва изчил ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Ҳиндистон ўзининг беқиёс ёзма мероси билан машҳурдир. Тош, металл, ёғочга ёзилган матнлар қоғоз ихтиро қилинишидан олдин ҳам мавжуд бўлган.
ЎзА




