Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Сурхондарёдаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва халққа етказиш йўлида самарали фаолият юритмоқда.
Марказ Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган.
Халқаро алоқалар йўналишида Саудия Арабистони пойтахти Риёз шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Ахборот ва араб-рус тадқиқотлар маркази” ҳамда “Илмий тадқиқотлар ва маърифий мулоқотлар” марказлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Марказ илмий ходимлари томонидан Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг шоҳ асари бўлган “Сунани Термизий”нинг ўзбек тилидаги таржимаси тўлдирилган ва қайта нашри, шунингдек, “Буюк Термизийлар”, “Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий”, “Термизий алломалардан олтин ўгитлар”, “Муҳаддис ва фақиҳ аллома”, “Икки улуғ донишманд”, “Китобул илал”, “Муҳаммад Ҳаким Термизий рисолалари”, “Буюк юрт алломалари”, “Мотуридия таълимоти ва Абу Муъин Насафий илмий мероси” каби 20 дан ортиқ китоб ва рисолалар нашр этилди. Шунингдек, Имом Термизийнинг “Сунан” асари тўлиқ таржимаси нашрга тайёрланмоқда. 50 га яқин мақола илмий журналлар ва конференция тўпламларида чоп этилди.

Маълумки, ҳар бир илмий-тадқиқот муассасасининг энг муҳим таркибий қисмларидан бири бу – кутубхонадир. Марказнинг кутубхона фондини бойитиш ҳам алоҳида эътиборда.
Марказда сақланаётган қадимий китоблар сони 70 дан ортиқ бўлиб, уларнинг 12 донаси қўлёзма, қолгани эса тошбосма асарлардир. Араб, форс ҳамда турк тилларидаги ушбу китоблар аҳоли томонидан фондга топширилган. Ушбу қўлёзма асарларнинг ичида ҳажми жиҳатидан ягона ҳисобланган “Қиссасул Амбио”, яъни “Пайғамбарлар қиссаси” номли китоб мавжуд бўлиб, у 668 бетдан иборат. Китобда Одам алайҳиссаломдан то Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган жамики пайғамбарларимиз қиссалари туркий тилда келтирилган.
Шунингдек, марказ кутубхонасида 500 га яқин қўлёзма асарларнинг электрон нусхалари ва 1000 га яқин даврий нашрдаги китоблар мавжуд.
ЎзА




