Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъатининг илмий мажлиси

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъатининг илмий мажлиси

sxthdxthserghergsergserhsergesrg.jpg

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъатининг дастлабки илмий мажлиси онлайн тарзда ўтказилди.

Ўзбекистон қадимдан илму маърифат маркази, маданият ўчоғи бўлиб келган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб даҳолар номи наинки ислом, айни вақтда жаҳон цивилизацияси тарихига ҳақли равишда олтин ҳарфлар билан битилган. 

 

Хусусан, Х асрда самарқандлик мутафаккир, «Имом ал-Худа» (Ҳидоят йўлининг имоми) деб шуҳрат қозонган Абу Мансур Мотуридий томонидан асос солинган Мотуридия таълимоти бутун ислом оламида кенг тарқалган.

 

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази тараққиётнинг янги босқичига интилаётган ўзбек халқининг маънавий-маърифий баркамоллигини юксалтиришга хизмат қилиш билан бир қаторда, Учинчи Ренессанс даврининг илмий пойдевори вазифасини бажарувчи илм-маърифат масканларидан бири бўлиши, шубҳасиз. 

 

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини халқаро миқёсда ташкил этиш учун жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган жаҳоннинг етук олимлари ва мутахассислари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг ҳаёти, бой илмий-маънавий меросини, мотуридийлик таълимотини халқаро жамоатчиликка етказиш мақсадида Марказнинг Халқаро илмий ҳайъати тузилди. 

 

Халқаро илмий ҳайъат таркиби йигирмадан зиёд маҳаллий ва халқаро миқёсдаги олимлардан ташкил топган бўлиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси аъзоси, Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси Усмонхон Алимов мазкур Халқаро илмий ҳайъат раиси ҳисобланади.

 

Халқаро ҳайъат таркибида хорижлик таниқли олимлар, жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, мутахассислар, Марказ илмий ходимлари ва бошқалар иштирок этдилар.

 

Жумладан, Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари академияси бош котиби доктор Назир Муҳаммад Айяд, Россия ислом университети ректори, академик Рафик Муҳаметшин, Босния собиқ муфтийси, Бутунжаҳон боснияликлар конгресси президенти, фалсафа фанлари доктори – Мустафа Черич, Туркиянинг Ибн Халдун университети профессори Ҳамза Бакрий каби нуфузли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этиб, йиғилиш қатнашчилари томонидан Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва халқаро жамоатчиликка етказиш шарафли ҳамда масъулиятли вазифа эканлиги алоҳида таъкидланди. 

 

Шунингдек, Халқаро ҳайъат йиғилишида Миср, Иордания, Туркия, Германия, Босния ва Герцеговина, Россия, Афғонистон, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан 30 дан зиёд соҳа вакиллари, илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбарлари иштирок этди.

 

Йиғилиш иштирокчилари Халқаро илмий ҳайъат фаолиятининг йўлга қўйилиши муносабати билан истиқболдаги режалар, ислом оламида мўътадил таълимотни кенг тарғиб қилиш, шу жумладан, мотуридийлик таълимотининг ўрганилиши, Марказ фаолиятини халқаро миқёсда ташкил этиш учун жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, мутахассислар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, хусусан, хорижий грантларни Марказ фаолиятига жалб этиш, Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия низомининг муҳокамаси, Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг асл ва электрон нусхаларини Марказ кутубхонасида жамлаш, уларнинг электрон платформасини яратиш каби муҳим масалалар ҳамда келгусида Марказ томонидан амалга ошириладиган тадқиқотлар режасини муҳокама қилишди. 

 

Келгусида ўзаро илмий ҳамкорликни янада кенгайтиришга, ҳайъат йиғилишини доимий тарзда ўтказишга келишиб олинди.

 

                                                                                                                                     

 

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот

маркази матбуот хизмати