Имом Бухорий халқаро тризм фестивали – 2026
Имом Бухорий халқаро тризм фестивали – 2026

29-апрель – 5-май кунлари мамлакатимизда маънавий-маърифий туризмни ривожлантириш, ислом цивилизациясининг бой меросини кенг тарғиб этиш ҳамда халқлар ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида “Имом Бухорий халқаро туризм фестивали – 2026” юқори савияда ўтказилмоқда. Жаҳон сўфийлари маркази ташаббуси билан ташкил этилган мазкур нуфузли фестиваль доирасида турли давлатлардан келган меҳмонлар Ўзбекистоннинг тарихий ва муқаддас қадамжолари билан яқиндан танишмоқда.
Фестиваль доирасида Буюк Британия, АҚШ, Бангладеш ҳамда бошқа қатор давлатлардан 100 нафарга яқин меҳмонлар кўҳна ва боқий Бухорода бўлди. Меҳмонлар учун вилоятнинг бой тарихий-маданий мероси, муқаддас зиёратгоҳлари ва бетакрор меъморий обидалари бўйлаб саёҳат дастурлари ташкил этилди. Иштирокчилар Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳидан бошлаб, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобо Самосий, Хожа Саййид Амир Кулол ҳамда буюк мутасаввиф Хожа Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳларида бўлиб, уларнинг ҳаёти ва маънавий мероси билан танишди.
Шунингдек, фестиваль иштирокчилари Бухоро шаҳрининг тарихий маркази бўйлаб саёҳат қилиб, Арк қўрғони, Пойи Калон ансамбли, Лаби Ҳовуз мажмуаси каби ноёб меъморий ёдгорликлар билан яқиндан танишди. Кўҳна шаҳарнинг бетакрор меъморчилиги, миллий муҳити ва меҳмондўстлиги хорижлик сайёҳларда унутилмас таассурот уйғотди.