ИМОМ АБУ ҲАНИФАНИНГ ТАЪЛИМГА ОИД ҚАРАШЛАРИ
ИМОМ АБУ ҲАНИФАНИНГ ТАЪЛИМГА ОИД ҚАРАШЛАРИ

Ҳозирги кунда замонавий педагогик технологияларни ўқув жараёнига қўллаш долзарб масалалардан биридир. Аммо дарс жараёнида устоз ва талабалар орасидаги ўзаро ҳурмат ва шарқона тарбиянинг ўрни ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Исломдаги энг мўътадил мазҳаб – ҳанафийлик таълимотини ўрганиш, ундаги соф ақидавий қарашларни тадқиқ қилиш айни пайтда ёшларни кенг дунёқарашли, илм-маърифатга интилувчан ва юксак ахлоқ-одобли қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Имом Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит (699-767) ўзининг “Ал-Олим вал мутааллим” (“Устоз ва шогирд”) асарида шогирднинг устозга нақадар тавозе билан муносабатда бўлиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратган. Шогирд устозига савол беришда ноаниқлик бўлган ўринларда таъна қилиш билан эмас, балки ўз билимсизлигидан узр сўраган ҳолда савол бериши зарурлиги кўрсатилади.
Олим ўз даврдаги айрим йўналиш вакилларига хос бўлган дағаллик, инсонларга ҳурматсизлик, озгина айби учун уларни кофир ёки фосиққа чиқарувчи кишиларга нисбатан юмшоқлик ва илмийлик асосида берган жавобларини сабоқ тарзида олиш мумкин.
Абу Ҳанифа устоз сифатида ҳам шогирддаги қизиқтирган саволларга эринмай бирма-бир, батафсил жавоб бериши, жавобларда ақлий, нақлий ва мантиқий далиллардан фойдаланиши ҳар бир билим берувчи устоз учун ҳам ўрнак бўларлик тарзда намоён бўлади.
Абу Ҳанифа инсон учун билимнинг нақадар зарурлиги, бирор хайрли ишни амалга оширишдан аввал у ҳақда етарли билимга эга бўлиш ва сўнгра амалга ўтиш кераклигини таъкидлайди. Мусулмон кишининг дунёқарашини шакллантиришга оид илмлар одатда билиш назарияси ҳақидаги маълумотлар билан бошланади. Олим ўз асарларида ҳали илмий дунёқараши тўлиқ шаклланмаган кишининг осон тушуниши учун оддий мисоллардан унумли фойдаланган.
Ҳанафийликда муҳим ўрин тутадиган қиёс усули ҳақида олим асарда алоҳида тўхталиб ўтади. Масалаларнинг ечимини тушунтиришда ҳам у худди шу усулдан унумли фойдаланади. Абу Ҳанифанинг фатво бериш, муайян масаланинг ечимини тақдим этишида антиқа услубни кузатиш мумкин. Унда олим саволга савол билан жавоб беради. Шунда сўровчи киши ўз саволига ўзи жавоб бериб, кўнглида қониқиш ҳам ҳосил қилади.
Имом Абу Ҳанифа илм ҳақида яна шундай фикрларни келтиради: “Амал илмга тобедир, яъни киши аввал бирор нарсани билиб, кейин ўша билими бўйича амал қилади. Бунга мисол тарзида инсоннинг бадани унинг кўзга тобе эканини келтириш мумкин. Илм билан қилинган озгина амал билимсизлик билан қилинган кўп амалдан яхшироқдир. Масалан, йўлга отланган кишининг тадбир билан ўзига керакли озгина нарсани олиши, билмай туриб кўп нарсани олганидан яхшидир. Аллоҳ таоло бу хусусда айтадики, “Айтинг (эй, Муҳаммад,) билганлар ва билмаганлар тенг бўлурми. Фақат ақл эгаларигина ваъз олурлар” .
Билмаган кишининг ҳолати ҳақидаги шогирднинг саволига олимнинг жавоби қуйидагича эди: “Ҳақни ноҳақдан ажрата олмасанг баъзи ўринда сенга зарари етмаслиги мумкин. Аммо кўп ўринларда сенга зарари етади. Билимсизликдан сенда шубҳалар пайдо бўлади. Сен Ҳақ йўлида кимни яхши кўриш ва кимни ёмон кўришни билмайсан”.
Имом Абу Ҳанифанинг таълимотини давом эттирган олим ватандошимиз Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад Мотуридий Самарқандий (870-944) бўлиб, унинг билиш назарияси усули ҳам изланиш ва тадқиқ қилишга таянади. У тафаккурни “ақлнинг бир англаш йўли (идрок)” сифатида таърифлайди. Унинг таъкидлашича, Қуръонда келтирилган “оламга назар солиш” ва “тафаккур қилиш”га чақирувчи оятлар бу фикрни қўллаб-қувватлайди.
Мотуридийнинг асосий ғоясига кўра, инсон яхшилик ва ёмонликни фарқловчи ақлга эга. У ўз ақлига таянган ҳолда яхши ёки ёмон ишларни қилишга қодир. Шунинг учун ҳам у ё мукофотга ва ё жазога лойиқ бўлади. Имом Мотуридий ўз даврида “қадарийлар” илгари суриб чиққан “инсон ўз фаолиятида эркин эмас, барча амаллари Яратувчи томонидан белгилаб қўйилгандир”, деган фикрига қарши инсон Худо тарафидан берилган ақли туфайли у ўз амалларига ўзи жавобгар эканини эътироф этади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Имом Абу Ҳанифа таълимоти – ҳанафийликда кишининг илм олиши, яхшилик сари интилиши, албатта, ўз натижаларини беради деган ғояни илгари суради. Бу эса кейинги пайтларда пайдо бўлган баъзи ёшлар орасидаги воқеаларга лоқайдлик, ўзибўларчилик кайфиятиларини йўқотиш, ватан равнақи йўлида илм олиш ва олган билимларини ишга солиб, ҳалол меҳнат ва касб-корни ўзларига одат тусига айлантиришларига ёрдам беради.
Разия МАТИБАЕВА,
тарих фанлари номзоди




