Илмий кенгашнинг онлайн тарздаги йиғилиши
Илмий кенгашнинг онлайн тарздаги йиғилиши

Коронавирус пандемияси муносабати билан юртимизда карантин эълон қилингани боис, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий кенгашининг навбатдаги йиғилиши онлайн тарзда ташкил этилди.
Илмий кенгаш йиғилишини Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директории, Илмий кенгаш раиси Шовосил Зиёдов олиб борди.
Йиғилишда Марказнинг илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий йўналишлардаги фаолияти тўғрисида ахборот берилди. Олимлар томонидан илмий ишлар самарадорлигини оширишга доир қатор таклифлар билдирилди. Илмий изланишларни карантин даврида ҳам ортга сурилишига йўл қўймаслик, тадқиқот йўналишларига оид манбаларни тўплаш ва таҳлил этишни изчил давом эттириш ва эришилган натижаларни онлайн тарзда муҳокамаларини ташкил этиб бориш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Илмий кенгаш йиғилишида Марказ нашрлар бўлими бошлиғи, мустақил тадқиқотчи Отабек Муҳаммадиевнинг “XI-XII асрларда Мовароуннаҳр мотуридия калом мактаби ривожида Алоуддин Усмандийнинг ўрни (“Лубобул калом” асари мисолида)” мавзусидаги фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрлаган диссертациясининг муҳокамаси бўлиб ўтди.
Тадқиқотчи, кенгаш аъзолари ва олимларни мавзунинг долзарблиги, илмий-амалий аҳамияти, ўрганилиш даражаси, илмий янгиликлари ва хулосалари билан яқиндан таништирди. Мазкур тадқиқот иши муҳокамаси савол-жавоб кўринишида қизғин давом этди. Олимлар диссертация иши сифатини оширишга доир фикр-мулоҳазаларини билдириб, зарур кўрсатмаларини беришди.
Илмий кенгаш йиғилиши кун тартибидаги масалалар бўйича егишли қарорлар қабул қилинди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати




