Илмга таянган таълим
Илмга таянган таълим

Президентимиз томонидан Ўзбекистон халқига йўлланган навбатдаги Мурожаатнома ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда ишлаб чиқилган муҳим сиёсий ҳужжат бўлди. Унда олий таълим, фан ва инновациялар масалалари мамлакат тараққиётининг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ғоялар Янги Ўзбекистонни барпо этишда илмий салоҳият ва замонавий таълимнинг ҳал қилувчи ўринга эгалигини яна бир бор тасдиқлади.
Бу Мурожаатномада таъкидлаганидек, Илм-фан ва инновациялар бўлмаса, ҳеч қайси соҳада барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди. Бу фикр олий таълим тизими олдига тубдан янгича вазифаларни қўймоқда. Эндиликда университетлар фақат билим бериш билан чекланиб қолмасдан, илмий изланишлар, инновацион ишланмалар ва янги технологиялар яратиладиган марказларга айланиши зарур.
Замонавий олий таълимнинг асосий вазифаларидан бири — фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида мустаҳкам интеграцияни таъминлашдир. Илмий тадқиқотлар реал сектор эҳтиёжларига мос келган тақдирдагина уларнинг жамият учун амалий аҳамияти ортади. Шу маънода олий таълим муассасаларида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш, уларнинг натижаларини иқтисодиёт тармоқларига жорий этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда инновацион иқтисодиёт шароитида билимнинг ўзи етарли эмас. Талабалар ва ёш мутахассислар замонавий технологияларни пухта эгаллаган, муаммоларга ижодий ёндаша оладиган, ташаббускор шахслар бўлиши лозим. Шу сабабли олий таълим муассасаларида стартап лойиҳалар, илмий лабораториялар, технопарклар ва инновацион марказлар фаолиятини кенгайтириш долзарб вазифага айланди. Бу жараён талаба-ёшларнинг илмий салоҳиятини рўёбга чиқариш билан бирга, уларни меҳнат бозорига тайёр ҳолда етиштиришга хизмат қилади.
Президент Мурожаатномасида ёш олимларни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди: “Илмга интилаётган ёшларимиз учун барча шароитларни яратиб бериш — давлатимизнинг устувор вазифасидир”. Грантлар, стипендиялар ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш механизмларининг кенгайтирилиши уларнинг илмга бўлган қизиқишини янада оширмоқда. Ёш олимларнинг ғоялари ва ташаббуслари мамлакат илмий салоҳиятининг келажакдаги асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.
Шу билан бирга, олий таълим тизимида рақамли трансформация жараёнлари ҳам жадаллик билан кечмоқда. Рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва замонавий ахборот тизимларини таълим жараёнига жорий этиш билим олиш шаклларини тубдан ўзгартирмоқда. Масофавий таълим, онлайн платформалар ва электрон ресурслар таълимнинг қамрови ва сифатини оширишда муҳим воситага айланмоқда. Бу эса олий таълимни янада очиқ, мослашувчан ва замон талабларига жавоб берадиган тизимга айлантиради.