Илм ва меросга саёҳат
Илм ва меросга саёҳат

Наманган вилояти делегацияси пойтахтимизда қад ростлаган муҳташам илмий-маърифий маскан – Ислом цивилизацияси марказига ташрифи бой тарихий меросимиз сифатида алоҳида аҳамият касб этди.
Делегация таркибида вилоят ҳокими ўринбосари, ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи, ташаббускор ёшлар етакчилари, шунингдек ишсиз ҳамда фаол ёшлар иштирок этди. Умумий ҳисобда 150 нафар делегация аъзолари марказ фаолияти билан яқиндан танишди. Ташриф давомида меҳмонларга марказнинг концепцияси, унда яратилган шароитлар, ноёб қўлёзмалар фонди, интерактив экспозициялар ҳамда илмий-тадқиқот йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Марказдаги экспозицияларда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби буюк аждодларимизнинг илмий мероси, уларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси замонавий технологиялар орқали жонли ва таъсирчан тарзда акс эттирилган. Бу эса ташриф буюрган ёшларда чуқур таассурот қолдириб, уларда тарихга, илмга ва миллий қадриятларга нисбатан янада чуқур қизиқиш уйғотди.
Ислом цивилизацияси марказига ташриф келажак сари илмий ва маънавий йўл кўрсатувчи муҳим маскан сифатида ёшлар қалбида чуқур из қолдирди.