Ички ишлар органлари ходимлари Марказда тарихни қайта кашф этмоқда
Ички ишлар органлари ходимлари Марказда тарихни қайта кашф этмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ички ишлар органлари тизимида фаолият юритаётган ходимлар учун муҳим маърифий майдонга айланди. Ушбу ташриф 16 апрелдан буён жорий этилган ўқув-семинар дастури доирасида ташкил этилган бўлиб, иштирокчилар учун назарий билимларни бойитиш билан бирга, тарих ва маънавиятни чуқур англаш имконини ҳам яратди.
Исломдан аввалги давр экспозицияси ички ишлар органлари ходимлари учун алоҳида аҳамият касб этди. Милоддан аввалги даврлардан то милодий VIII асргача бўлган жараёнлар изчиллик билан ёритилган ушбу бўлимда инсонларнинг турмуш тарзи, ов манзаралари ва деворий тасвирлар орқали ифодаланган ҳаёт тарзи жонли тасаввур уйғотди. Қадимги давлатчилик шакллари, илк шаҳар маданияти, савдо йўллари ва пул муомаласига оид топилмалар, жумладан қадимий тангалар экспозицияси ходимларда катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда жамият тараққиётининг илк босқичлари замонавий технологиялар орқали тушунарли ва таъсирчан шаклда намоён этилгани алоҳида эътироф этилди.
Фарғона, Бақтрия, Хоразм ва Чоч цивилизациялари бўлимларида намойиш этилган артефактлар, хусусан, қанотли отлар тасвирлари, ноёб мато парчалари, қимматбаҳо металл буюмлар ва сопол ҳайкалчалар орқали қадимги маданиятнинг юксак даражаси яққол намоён бўлди. “Самовий отлар” ҳақидаги тарихий қарашлар, савдо алоқалари ва ҳаёт тарзи ҳақидаги маълумотлар иштирокчиларнинг тасаввурини янада бойитди.
Биринчи Ренессанс бўлимида илм-фан ва маърифатнинг юксалиш босқичи кенг ёритилган. Салжуқийлар даврига оид нодир заргарлик буюмлари, ҳукмдорлик рамзлари ва меъморий иншоотлар моделлари орқали ўша даврнинг сиёсий ва маданий муҳити жонлантирилди. Айниқса, Бухородаги Чашмайи Аюб мажмуасининг қурилиш услуби, муҳандислик ечимлари ва меъморларнинг маҳорати ходимларда катта таассурот қолдирди. Бу ерда илм ва диннинг уйғунлиги, жамият тараққиётидаги ўрни алоҳида ҳис этилди.
Ғулом Исамов, Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси подполковниги:
"Биринчи ва Иккинчи Ренессанс бўлимлари менга алоҳида таъсир қилди. Бу ерда аждодларимизнинг илм-фан, давлатчилик ва маънавият соҳасида қандай юксак даражага чиққанини кўриш мумкин. Бундай меросни кўриш инсонга фахр туйғусини бағишлайди".
“Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида мамлакатнинг бугунги тараққиёти ва келажак стратегияси ёритилди. Давлатчилик ғояси, бошқарув маданияти ва замонавий ислоҳотлар бир бутун концепция сифатида тақдим этилгани ходимларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг ютуқлари ва келажакка қаратилган стратегик режалар ички ишлар органлари вакиллари томонидан юқори баҳоланди.
Марказнинг юраги — Қуръони Карим залига ташриф буюрди. 4 дақиқалик мэппинг-голограмма эса ҳар бир иштирокчида унутилмас ҳиссий таассурот қолдирди.
Жуманазорова Шахноза, Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси сафдор:
"Қуръони Карим залидаги муҳитни сўз билан ифодалаш қийин. Мэппинг-голограмма, муқаддас мусҳаф ва залнинг умумий архитектураси инсон қалбига чуқур таъсир қилади. Бу ерда инсон нафақат маълумот олади, балки маънавий жиҳатдан ҳам бойийди".
Ички ишлар органлари ходимлари Марказ кутубхонаси фаолияти билан танишди. Бу ерда жамланган нодир манбалар, қўлёзмалар, илмий адабиётлар ва замонавий тадқиқотлар ички ишлар ходимларида катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, тарих, дин, давлатчилик ва ҳуқуқий маданиятга оид манбаларнинг бир жойда жамлангани улар учун муҳим илмий база сифатида баҳоланди.
Ойбек Бурхонов, Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси катта лейтенант:
"Ўқув-семинар доирасида бу ерга келганимиз жуда тўғри қарор бўлган. Чунки бу ерда олган билимларимиз хизмат фаолиятимизда ҳам қўл келади. Инсон маънавий жиҳатдан кучли бўлса, у ўз вазифасини ҳам юксак даражада бажаради.”
Ташриф якунида ўқув-семинар иштирокчилари учун Марказнинг бунёд этилиши, унинг ғояси ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Ушбу фильм орқали иштирокчилар Марказнинг яратилиш тарихи, унинг илмий ва маънавий аҳамияти ҳақида янада кенгроқ тасаввурга эга бўлдилар.
Делегация аъзолари қайд этганидек , бу ташриф улар учун нафақат билим манбаи, балки хизмат фаолиятида муҳим бўлган маънавий таянчни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Марказ эса улар учун тарихни англаш, миллий қадриятларни ҳис қилиш ва келажакка бошқача нигоҳ билан қараш имконини берувчи ўзига хос макон сифатида намоён бўлди.









