Хотин-қизлар учун таълим кредити фоизини давлат тўлайди
Хотин-қизлар учун таълим кредити фоизини давлат тўлайди

Президентининг қарори билан хотин-қизларнинг олий ва профессионал таълим муассасаларида ўқишини қўллаб-қувватлашнинг янги механизми жорий этилди. Унга мувофиқ, хотин-қизларга ажратилган таълим кредитлари бўйича фоиз тўловлари давлат томонидан қоплаб берилиши белгиланди.
Биринчи босқич талабалари контракт маблағининг тўлиқ қисми учун кредит олиш имкониятига эга. Кейинги босқичларда эса талабанинг академик ўзлаштириш кўрсаткичи инобатга олинади. Бу ёндашув талабаларнинг билим сифатини оширишга ҳам хизмат қилади.
Имтиёзли таълим кредити, йиллик 14 фоиз ставкада, ўқиш тугаганидан кейинги еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади, 7 йил давомида тўлаб борилади. Муҳими, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайганда таълим кредити фоизи ҳам камаяди. Асосий ставка оширилса эса кредит фоизи ошмайди. Бу эса талабалар ва уларнинг оилалари учун молиявий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Хотин-қизларга давлат ёрдами Имтиёзли таълим кредити тизимидаги энг муҳим янгиликлардан бири хотин-қизлар учун белгиланган имтиёз ҳисобланади.
Бугунги кунда талаба хотин-қизлар таълим кредити бўйича фоиз тўловларини амалга оширмайди. Бу харажатлар давлат томонидан Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига қоплаб берилади. Бу механизм нафақат қизларнинг олий таълим олиш имкониятини кенгайтиради, балки эрта никоҳнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш ва оилаларнинг ижтимоий барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар ёшларнинг билим олиш имкониятларини кенгайтириш, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда “Янги Ўзбекистон” учун рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.