Хаттотлик – ёзув санъати
Хаттотлик – ёзув санъати

Ўтмишда ҳар бир китобни яратиш шубҳасиз катта бир санъат асари эди. Китоб яратиш жараёнида ҳаттот, мусаввир, лаввоҳ (лавҳа чизувчи), саҳҳоф (муқовачи) иштирок этган.
Хаттотлик араб тилида "ҳуснихат ёзувчи" деган маънони билдириб, ёзув (хат) санъати, китоб кўчириш ҳамда меъморий иншоотлар, бадиий буюмлар китобатини яратиш касбини англатади. Шарқ халқларининг кўп асрлик тарихий меросида хаттотлик ва китобат санъати алоҳида ўрин эгаллайди.
Ўрта Осиёда китоб босиш вужудга келгунига қадар қўлёзма китоб тайёрлаш, уларнинг нусхаларини кўпайтириш (матн кўчириш) билан хаттотлар шуғулланган. Хаттотлар саройларда, айрим амалдорлар ҳузурида гуруҳ бўлиб ишлаган.
Шарқда ҳаттотлик санъатининг буюк намояндалари қаторида Мир Али Табризий, Абдураҳмон Хоразмий, Султон Али Машҳадий, Мир Али Қилқалам, Султон Али Хандон, Ҳалвоий, Рафиқий, Мирак Наққош, Беҳзод, Шоҳ Музаффар номлари келтиради. Ушбу санъатнинг машҳур намояндаси Мир Али Табризий ҳаттотликка қуйидагича баҳо берган:
- Араб ёзувининг 100 дан ортиқ тури мавжуд. 28 ҳарфдан иборат бўлган араб алифбосининг дастлабки шакли "Хатти маъқалий" бўлиб, тик чизиқлар билан ифодаланган. Аммо узоқ истеъмолда бўлиб, шуҳрат қозона олмаган. VII асрдан бошлаб унинг ўрнини араб ёзувининг энг қадимийси ва машҳури ҳисобланган "Хатти куфий" эгаллайди. Сўнгра хатти маъқалий ва куфий хати асосида араб ёзувининг санъаткорона яратилган 8 хил асосий услуби майдонга келган. Булар: сулс хати; насх хати; муҳаққақ хати; райхоний хати; тавқиъ хати; риқоъ хати; девоний хати; настаълиқ хати.
Мир Али Табризий Амир Темур даврининг етук ҳаттоти сифатида ном қозонган, настаълиқ хатининг ихтирочиси ҳисобланган. Буни Мир Али Табризий “Қиблат ул-қуттоб” – “котибларнинг олдингиси” шарафига эга бўлганлигидан ҳам билиш мумкин. Яна бир машҳур ҳаттот Султон Али Машҳадий уни “Қалами майда, йирик бўлган настаълиқ хатини ихтиро қилувчи (возеъ) Хожи Мир Алидир. У Настаълиқни насх ва таълиқ хатидан олиб, ўткир зеҳни ва истеъдоди билан ихтиро этди” деб таърифлаган.
Мир Али Табризийнинг машҳур шогирдларидан бири Султон Али Машҳадий шахсан Ҳусайн Байқаро ва Алишер Навоий топшириқларини бажарган ва уларнинг асарларини кўчирган. У ҳар куни Ҳусайн Байқаро учун 50, Навоий учун 20 байт кўчирган. Бундан ташқари Султон Али Низомий, Фаридиддин Аттор, Ҳофиз Шерозий, Деҳлавий, Жомий асарларини ҳам кўчириш билан шуғулланган. Машҳур ҳаттот кўчирган 50 дан ортиқ асар бизгача етиб келган. Бу асарлар Тошкент, Санкт-Петербург, Париж, Берлин, Қоҳира ва дунёдаги бошқа шаҳарларда сақланмоқда. Султон Али Машҳадий кўчирган китоблар орасидан Навоийнинг машҳур “Ҳамса”си ҳам муносиб ўрин олган.
Араб ёзувининг муҳим хусусиятларидан яна бири – у стенографик ёзув хусусиятига эга. Одатда араб ёзувида Қуръони карим ва бошланғич синфлар учун қўлланмалар ва луғатлардагина қисқа унли ҳарфлар (ҳаракатлар) ёзилади. Қолган ҳолатларда улар ёзувда акс этмайди.
Бизгача илмий мерос сифатида етиб келган қўлёзма асарларни ўрганар эканмиз, ўтмишда ҳаттотлик санъатини севган ҳаттотлар яшаганлигини кўрамиз. Уларнинг сермашаққат меҳнати туфайлигина ҳар хил асарларнинг қўлёзма нусхалари бунёд этилган.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида унутилаёзган китобат санъати хаттотларимиз томонидан қайта тикланди. Бунда Ҳабибулла Солиҳ, Салимжон Бадалбоев, Абдулла Мирсоатов, Тўхтамурод Зуфаров, Алишер Шомуҳамедов ва бошқаларнинг хизматлари катта. Ҳабибулла Солиҳ 1998 йили Истанбулда ўтказилган халқаро хаттотлар беллашувида «Девоний» хат услуби бўйича кучли ўнликдан жой олган. 1999 йили у хаттотликда янги тарз, яъни нақшин безак ёзувининг алифбосини кашф қилгани учун Лоҳурдаги халқаро хаттотлар беллашувида «Парвин рақам» унвонига сазовор бўлган.
Бугунги кунда Абдулазиз Мансуров, Ислом Маматов, Салимжон Бадалбоев, Ғафуржон Ҳақбердиев каби хаттотлар ҳам бу санъат турининг ривожига улкан ҳисса қўшиб келмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент ислом университети, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида хаттотлик санъатининг ўқитилиши ота-боболаримиз анъаналарини давом эттириш ва ёшлар орасидан истеъдодли хаттотлар етишиб чиқишига хизмат қилади. Ташкил этилаётган “Ҳикматлар олами” хаттотлик фестивали ҳам бундай эзгу ишларнинг янгича талқинидир.
Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказининг музейида ҳам буюк аждодларимизнинг ҳаттотлик санъати дурдоналари ўзининг ёрқин ифодасини топади.






