Гулистонда “Бағрикенг Ўзбекистон – умумий уйимиз” миллатлараро дўстлик фестивали

Гулистонда “Бағрикенг Ўзбекистон – умумий уйимиз” миллатлараро дўстлик фестивали

yekryrykyukpyukpfyucayua.jpg

Сирдарё вилояти маркази - Гулистон шаҳрида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида “Бағрикенг Ўзбекистон – умумий уйимиз” миллатлараро дўстлик фестивалига бўлиб ўтди.

 

Гулистон шаҳрининг Ўзбекистон шоҳ кўчаси бўйлаб турли миллат вакилларидан таркиб топган 3 мингга яқин фестиваль иштирокчилари “Билимдонлар маскани”га карнай-сурнай садолари остида кириб келди.

 

Фестиваль иштирокчиларини Сирдарё вилоят ҳокими бошчилигидаги секторлар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан келган фестиваль делегатлари, 15 дан ортиқ республика Миллий маданий марказлар раҳбар ва вакиллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, депутатлари, таниқли санъаткорлар, вилоят ташкилотларининг раҳбарлари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари кутиб олди.

 

“Билимдонлар маскани”да 33 миллат вакиллари ижросида “Халқлар дўстлиги” рақси намойиш этилди. 

 

Иштирокчилар томонидан шеърият мулкининг султони мир Алишер Навоий ҳазратлари ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

yerykeoryeroyrfkapfyuaa.jpg

Вилоят маданият бошқармаси, халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармаларига Сирдарё вилояти ҳокими Ғофиржон Мирзаев 5 миллиард 500 миллион сўмлик транспорт воситаси, мусиқа асбоблари, спорт ва компьютер жиҳозларини топширди. 

 

Сирдарё вилояти мактаблари ўртасида ўтказилган “Энг китобхон мактаб” танловининг ғолиби Боёвут туманидаги 35-сонли умумтаълим мактаби директори Акбар Назаровга “Спарк” автомобили берилди.

 

Шунингдек, “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарига кирган фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида асбоб ускуна, жиҳозлар тақдим этилди.

 

50 нафар эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун суннат тўйлари қилиниб, уларнинг ҳар бирига велосипед совға қилинди.

 

Сўнг Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида ташкилот корхона, муассасалар томонидан кўргазма намойиш этилди.

 

Фестивал иштирокчилари вилоятда фаолият олиб бораётган рус, озарбайжон, қирғиз, қозоқ, корейс миллий маданий марказлари ва бошқа ҳудудлардан таклиф этилган тожик, татар, бошқирд ва бошқа миллат миллий маданий марказларининг чиқишлари, уста, ҳунарманд, таниқли санъаткорлар, рассомларнинг маҳорат дарсларида қатнашди.

 

Миллий таомлар, миллий ҳунармандчилик, кўп миллатли халқимизнинг турмуш тарзи, қадриятлари, санъати ва маданиятини акс эттирган Гулистон шаҳридаги “Этномарказ”даги кўргазма фестиваль иштирокчиларининг диққат-марказида бўлди.

 

Вилоят бандлик бошқармаси томонидан бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси, тижорат банклари фаолиятини акс эттирувчи кўргазмали банк сайёр қабулхонаси ташкил этилди. Кредит олиш истагида бўлган ёшларга онлайн рўйхатдан ўтиш тартиби тўғрисида тарғибот материаллар тарқатилди.

 

ЎзА