Ғиждувон анъанавий каштачилиги
Ғиждувон анъанавий каштачилиги

Мустабшира Баракаева - каштадўз-уста. Ёшлигидан каштадўзлик сир-асрорларини онаси Воҳидова Муқаддам аядан ўрганган. Фахрий ҳунарманд, каштадўз-уста Мустабшира ая Баракаева қизи Мавлюда Нарзуллаева ва келини Гулбаҳор Нарзуллаевалар билан биргаликда ҳозирги кунга қадар Ғиждувон шаҳридаги 100 дан ортиқ аёл-қизларга анъанавий кашта тикиш сирларини ўргатишди. Унинг қизлари ва келинлари ҳам ушбу ҳунарни пухта эгаллашган. Қизларидан Мавлюда Нарзуллаева ва келинларидан Гулбаҳор Нарзуллаева каштанинг ипак ипларини ўсимлик, илдиз, гул, мева ва сабзавотлардан тайёрланган табиий бўёқларга бўяш бўйича малакали мутахассислар.
Ғиждувон анъанавий каштачилик мактабининг бошқа мактаблардан фарқли томони шундаки, бу ерда 2 хил тикиш услублари: йўрма ва босма қўлланилади. Ғиждувон кашталарида мамлакатимиз ва бутунжаҳон миқёсидаги музей тўпламларида сақланаётган сўзана нақшлари нусхалари кўриш мумкин. Айнан қадимги, ХIX-XX асрларга тегишли каштачилик намуналарининг нусхаларини яратиш ва шу асосида анъаналарни давом эттириш-Ғиждувон уста-ҳунармандларининг асосий мақсадларидан биридир.
Ҳар бир сўзанага разм солиб қаралганда, нақш элементларининг ўз маъносига эга эканлигини англаш қийин эмас. Айнан “анор”, “бодом”, “тумор”, “қалампир”, “қуш”, “қўчқорак” каби рамзий нақшлар ўзининг чуқур фалсафий маъноларига эга. Масалан, “анор”- муҳаббат ва серфарзандлик рамзи бўлса, “тумор”- ёмон кўз ва назардан сақловчи унсур бўлиб хизмат қилган. “Қўчқорак” эса- куч-қудрат рамзи бўлган. Шу каби ҳар бир нақш бир-бирига боғланиб, бир бутун воқеа мазмун-моҳиятини келтириб чиқарган. Ғиждувон кашталарида “Рафидагул”, “Корди-ош”, “Гардиш”, “Ҳаёт дарахти”, “Гули анор”, “Бодоми”, “Чор чироқ” каби нақшларни тез-тез учратиш мумкин.
Нарзуллаевлар оиласи ҳозирги кунга қадар, анъанавий каштачилик бўйича 100 га яқин халқаро кўргазма ва танловларда мувафаққиятли иштирок этиб келмоқда. “Усто Ибодулло Нарзуллаев номидаги Миллий кулолчилик музейи” қошида каштачилик устохонаси ташкил этилган бўлиб, бу ерда ҳар бир меҳмон сўзананинг яратилиш жараёнини тўлиқ кўриш имкониятига эга бўлади. Музей мажмуаси халқаро сайёҳлик дастурига ҳам киритилган. Нарзуллаевлар сулоласининг асарларидан намуналар республика ва хорижий давлатлар музейлари ва шахсий тўпламларда сақланади.




