Ганчкорлар сулоласи

Ганчкорлар сулоласи

          Ганчкорлик санъати Ўзбекистон меъморчилиги солномасида муҳим ўрин тутиб келган. Кўҳна тарих ёдгорликлари бўлмиш осори атиқаларни кузатар эканмиз, ўймакорлик санъати оддий пахса деворлардан бошланиб, кейинроқ ганчкорий безакларга ўтганини кўрамиз. 

         Бугунги кунда юртимизда ганчкорлик санъатига талаб ва қизиқиш кун сайин ортиб бормоқда. Биз Тошкентлик уста-ганчкорлар - Усмоновлар сулоласи тўғрисида  ҳикоя қилмоқчимиз.

         Сулола асосчиси Усмон Икромов (1875-1960), ганчкорлик санъатини  уста-ганчкор Расулхожи билан ишлаб, ундан ҳунар ўрганган ва дастлаб ҳусусий уйларни безашда бирга иштирок этиб келган. 1929 йилда Тошкентнинг  Чорсудаги ҳозирги Аброр Хидоятов номидаги театр биносини, 1939 йилда Навоий кўчасидаги адабиёт музейи биносини, 1941 йилда Ўзбекистон амалий санъати музейи биносини, 1943 йилда Муқимий театри биносини безаш ишларида ўша вақтдаги машҳур ганчкорлар: уста Ширин Муродов, Тошпўлат Арслонқуловлар ва бошқалар билан таъмирлашда бирга иштирок этган.   

         Сулоланинг 2-вакили Маҳмуд Усмонов (1910-1997), уста Усмон Икромовнинг ўғли,  Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми, СССР Давлат мукофоти, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, Ёшлар мукофоти лауреати унвонларига сазовор бўлган уста педагогдир.

fukrykeoypukaupfk.jpg

            Маҳмуд Усмонов ўзининг “Санъатим ва саодатим” номли эсталик китобида санъатдаги уста-шогирд анъаналарини шакллантиришни, ҳаётий тажрибалари тўғрисидаги ўй ва орзуларини ёшлар билан баҳам кўришни ният қилган.  Мазкур эсталикларида Маҳмуд ака шундай ҳикоя қилади: “Ганчкорлик ҳунари кўпчиликдан ҳамжиҳат бўлиб ишлашни, ўрни келганда сирчилар, ёғоч ўймакорлари, кошинкор ва наққошлар билан ёнма ён меҳнат қилишни талаб этади. Шу боисдан мен ҳаётим давомида кўпдан-кўп усталар билан мулоқатда бўлдим, билмаганимни билдим, билганимни баҳам кўрдим. Кўп юрсанг, кўпни кўрсанг, кўп нарсани биласан ва воқиф бўласан.

avrevkeoyroyupuypk.jpg

            Биринчи устозим ва муаллимим, падарим Мирусмон Икромов бўлдилар, мен улардан ниманики ўрганиш лозим бўлса барчасини ўзлаштирдим. Иккинчи устозим ганчли гулкорликда ҳеч бир тенги йўқ санъаткор, ҳамиша нажжорбошимиз уста Ширин Муродов бўлдилар. 
1925-28 йилларда Ҳадра майдонинг орқа  махалласида Бухорбой лақабли бир сармоядорнинг ҳовлисида катта қурилиш ишлари олиб борилган. Мазкур қурилишда Уста Ширин, Исамат Расулов, Тўланхўжа, Умархўжа, Акрамхўжа, Аҳмадхўжа, Шоазим, Отам уста Усмон каби машҳур усталар меҳнат қилишган.  Мен усталар устози, нажжорбоши, буюк ганчкор  Уста Ширин Муродовни илк мартда шу ерда учратдим ва ҳамишаликка шогирдлари бўлиб қолдим. У кишини иккинчи маротаба 1943 йилда Отам билан бирга таъмирланаётган маъмурий бино фасадининг юқори қисмига  шарафа ўрнатишаётганини кўрганман. Бу ерда хам кўп машҳур усталар қатнашган.   Мен у муҳтарам зот билан ҳаётлик пайтларида кўп марталаб учрашганман, бирга ишлаганмиз, ижодларидан баҳраманд бўлганман, яхшига эргашиб муродимга етдим”.

kupyukrpvkeyryurouk.jpg

         Маҳмуд Усмонов ўз ижодида Тошкент ганчкорлик санъати анъаналарини ривожлантирди, унги янги мазмун билан бойитди, ислимий ва гирих нақшларини маҳорат билан қўллаб, жозибали, бетакрор нақш намуналарини яратди. У Ўзбекистон амалий санъат музейини таъмирлашда, Навоий, Муқимий театрлари биносини безашда қатнашган. Собиқ Хамза театри, Навоий номли адабиёт музейи, Самарқанд аэропорти, Ўзбекистон Давлат тарихи музейи, Ўзбекистон санъати музейи, Тошкент метроси станцияларида, пойтахтдаги маъмурий биноларни безашда, МДҲ давлатларидаги жамоат биноларини ганчкорлик билан безашда раҳбарлик қилган ва иштирок этган. М.Усмонов педагог сифатида болалар ва ўқувчилар саройида ганч ўймакорлиги тўгарагига раҳбарлик қилган, Республика рассомлик билим юртида дарс берган.

        У кўплаб шогирдлар тайёрлаган, улар Мирвохид Усмонов (ўғли) Абдурахим Умаров, Абдурахмон Султонов, Хаётилла Абдуллаев, Мўмин Султонов, Хабибиддин Муродов, Абдуқаюм Самадов, Фахриддин Холиқов, Зиёвиддин Юсупов, Анвар Пўлатов, Умаржон Тахиров, Мансур Муродовлар ва бошқалар. Ўзбекистон Ислом цивилизация маркази қурилишида, безак ишларида устабоши академик Мансур Муродов, уста Умаржон Тахировлар ва бошқалар фаол иштирок этиб келмоқдалар.

       Сулола 3-вакили Мирвохид Усмонов (1946-2014) уста Махмуд Усмоновнинг ўғли Ўзбекистон Ҳалқ устаси унвонига сазовор уста-ганчкор бўлган. У Навоий театри биносини, Ўзбекистон тарихи музейи, Тошкент метрополитени станцияларини безак ишларида фаол қатнашган. Республика вилоятларида Тошкент, Самарқанд, Андижон, Бухоро, Термиз  шаҳарларидаги маъмурий, маданий биноларни безак ишларида муаллифлик ва амалий ишларни бажарган. Хорижда, Малайзиядаги йирик музей биносида ўзбек амалий безак санъати анъаналари доирасида ганч ишларини бажарган.