Фотима ал-Фиҳри - биринчи университет асосчиси
Фотима ал-Фиҳри - биринчи университет асосчиси

Илм излаш ҳар бир муслим ва муслима учун фарз эканлиги сабабли биринчи университетлар мусулмонлар томонидан очилганлиги ажабланарли ҳол эмас. Зеро, мусулмон олами қадимданоқ жамият учун эҳтиёжи баланд соҳаларни ўрганишда пешқадамлик қилганлар. Ўша пайтларда талабалар масжидлар, мактаблар ва олимларнинг уйларида таълим олганлар. Дунёдаги биринчи университет Марокашдаги Қаровийиннинг асосчиси Фотима ал-Фиҳри бўлган.

Фотима ал-Фиҳри тунислик бой савдогар Муҳаммад ал-Фиҳрининг қизи бўлган. Фотима 859 йил Марокашнинг Фас шаҳрида «Қаровийин» университетига асос солган. Гиннес рекордлар китоби ушбу университетни энг қадимги ҳамда ҳозирги кунда ҳам фаолияти давом этаётган халқаро университетлар қаторига қўшган.
Фотима ал-Фиҳри ҳақида кўп маълумотлар сақланиб қолмаган. Шуниси маълумки, у бой тижоратчи, зиёли, аёлларнинг таълим олишига аҳамият берадиган оилада дунёга келган. Фотима, унинг синглиси Марям ҳам ўқимишли ва тақводор аёллардан бўлишган.

IX асрнинг бошларида кўп араблар қатори Фотиманинг оиласи ҳам Тунисдан Фасга кўчиб ўтганлар. Фас ўша вақтларда шовқин-суронли, кўп миллатли мегаполис шаҳар ҳисобланган. Отаси вафот этгач, Фотима унинг ишини давом эттирди. Опа-сингил отасидан қолган катта мерос ҳисобидан аҳолига манфаат келтирадиган иш учун маблағларини сарф қилишга қарор қилганлар.
859 йили Фотима шаҳар учун олий таълим муассасас - масжид-университет «Қаровийин»ни ташкил қилган. Тунисдаги туғилган шаҳри Фасдаги аҳолининг кўпчилиги кўчиб ўтган Қайрувон шарафига университет шундай деб номланган. Университетда дастлаб диний фанлар ва Қуръондан дарс берилган. Сўнг унинг таълим дастури такомиллаштирилиб, араб тили, математика, мусиқа, тиббиёт, астрономия каби фанлар ҳам ўтилган.
“Қаровийин” университети тез орада таълим-тарбия маркази сифатида донг таратган. Бу ерга дунёнинг турли бурчакларидан олимлар ва зиёлилар кела бошлаган. Фотима ҳам умрининг охиригача талабаларга илм улашган.
Араб диёрининг мутафаккирларидан Ибн Халдун, Маймонид, Фотима ал-Каббож, Ибн Аробий ҳам ана шу университет битирувчилари саналади.
“Қаровийин” университети 1088 йил Европада қадимги Болония ва 1096 йил Оксфорд университетлари очилишига асос бўлган.




