Эзгулик ва адолатни улуғлаган аллома

Эзгулик ва адолатни улуғлаган аллома

ztghsrthtdsrhsergwefewfef.jpg

        Тарихий манбаларда кўрсатилишича, Абу Муин Насафий 1027 йили таваллуд топган.  У дастлабки таълимни туғилиб ўсган шаҳри Насафда эгаллаб, сўнгра илм-фаннинг йирик марказларидан ҳисобланган Самарқандга кўчиб ўтган, кейинчалик фаолиятини Бухорода давом эттирган. Насафий “Табсират ал-адилла” номли шоҳасарини 1106 йили Бухорода ёзиб тугатганидан, у Бухорода анча вақт муқим қолган, деган хулосага келиш мумкин. Олим ҳаётининг сўнгги йилларини Насаф шаҳрида ўтказган.

        Абу Муин Насафий ўз даврининг машҳур мутакаллим олими бўлган ва Самарқанддаги ҳанафий калом мактабининг йирик вакили Абу Мансур Мотуридийдан сўнг шу мактабнинг пешқадам вакили саналган. Насафийлар сулоласидан уч авлод кейин етишиб чиққан ушбу аллома мотуридия таълимотининг энг машҳур ҳамда етук давомчиси сифатида тилга олинади. Абу Муин Насафий илмий-маънавий меросини яқиндан ўрганган тадқиқотчилар унинг ижодига юксак баҳо берганлар. Жумладан, туркиялик каломшунос олим, профессор Ҳусайн Отай: “Мотуридия таълимотининг энг машҳур мутакаллим олими Абу Муин Насафийдан кейин унинг йўлида ва тизимида у каби шахс ҳали етишиб чиқмаган”, деб алломанинг илмий меросига юксак баҳо беради. Мотуридийнинг “Тавҳид” асарини нашрга тайёрлаган тадқиқотчи Фатҳуллоҳ Хулайф эса “Мотуридия калом мактабининг ривожида ҳеч ким Абу Муин Насафийдек катта хизмат кўрсатмаган”, дея унинг илмий меросини алоҳида қадрлаган.

        Насафий ўзининг самарали ижоди давомида калом илмига оид ўндан ортиқ асарлар ёзиб қолдирган. “Табсират ал-адилла”, “Китоб ат-тамҳид ли қавоид ат-тавҳид”, “Баҳр ал-калом”, “Маноҳиж ал-аимма фил-фуруъ”, “Изоҳ ал-Манҳаж ли кавн ал-ақл ҳужжатан”, “Қасид ал-қавоид фи илм ал-ақоид”, “ал-Ифсод ли хадъ ал-илҳод” ҳамда “ал-Умда фи усул ал-фиқҳ” асарлари ана шулар жумласидандир. Бизнинг давримизгача улардан фақат учтаси, яъни “Табсират ал-адилла”, “Китоб ат-тамҳид ли қавоид ат-тавҳид” ва “Баҳр ал-калом” номли асарлари етиб келган ҳамда нашр этилган. Мазкур асарлар орасида “Табсират ал-адилла” алломанинг энг катта ижод маҳсулидир.

dtjhtydjdrthesrgwerger.jpg

         Истиқлол шарофати билан кўплаб алломаларимиз қаторида Абул Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарларини илмий асосда ўрганиш ишлари йўлга қўйилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси Қашқадарё Қарши туманида калом илми бўйича таниқли олим “Абул Муин Насафий” тарихий мажмуаси қайта таъмирланди, 2,1 гектар майдонни эгаллаган обида ҳудудида 500 ўринли масжид, кутубхона, музей, маъмурий бино барпо этилди.