Эски уйларда янги, шинам хонадонларга

Эски уйларда янги, шинам хонадонларга

 

risunok4jghjghjghjtyutyutu56767567yu.jpg

 

Замонавий ва қулай уй-жой ҳар бир инсоннинг орзуси. Аммо Тошкент шаҳрида кўп йиллардан буён авария ҳолатидаги эски уйларда яшаб келаётган аҳоли учун бу орзуга етишиш муаммо эди. Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг қатор туманларида авария ҳолатидаги уйларда яшовчи фуқаролар янги, шинам хонадонларга кўчирилмоқда. Бу, ўз навбатида, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижаси.

Пойтахтдаги реновация лойиҳалари эскирган уй-жой фондини янгилаш, муҳандислик ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда аҳолига хавфсиз ва қулай яшаш шароитларини яратишга қаратилгандир. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган ушбу дастур ҳудудларда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни комплекс ҳал этиш, эски уйларни янгилаш, ҳовлиларни ободонлаштириш, экологик шароитларни яхшилаш ва замонавий инфратузилмани ривожлантиришни мақсад қилган.

Ҳозирда Миробод, Яшнобод ва Сергели туманларидаги учта ҳудудда реновация лойиҳалари жадал давом этмоқда. Бу ҳудудларнинг умумий майдони 67 гектардан зиёд.

Миробод туманидаги Фитрат маҳалласида 14 гектар майдондаги 57 та кўп қаватли уй ва 530 та хонадон, Яшнобод туманидаги Жарқўрғон маҳалласида эса 22 гектар майдондаги 57 та кўп қаватли уй ва 774 та хонадон реновация дастурига киритилган.

Мулкдорларга янги хонадонларни ўзларига қулай ҳудуддан танлаш имконияти берилмоқда. Энг муҳими, уларга мавжуд яшаш майдонларига қўшимча янги уйлардан 10 квадрат метр кўпроқ майдон ажратилмоқда. Агар кимдир уйи учун товон пули олишни истаса, шу ернинг ўзида ташкил этилган штабда банк ва хусусий баҳолаш агентлиги ходимлари томонидан масала тезкор ҳал этилади.