Ёғоч ўймакорлиги санъати

Ёғоч ўймакорлиги санъати

bezymannyj51.jpg

Ўзбекистон амалий санъатида ёғоч ўймакорлиги ўзига хослик билан ажралиб туради, чунки унинг усталари нафақат маиший буюмлар, балки улар меъморий қисм (устун, эшик, дарвоза ва б.) билан бир қаторда уй жиҳозларни безаш ҳам кенг тус олишига фаоллик қилишган.

Ёғоч устун, эшик дарвозалар ва бошқа меъморий қисмларни кенг ишлатилишини ўзбек хонликлари пойтахтлари меъморчилигида кўриш мумкин.

Ўзбекистон ҳудудида асосан тўртта - Қўқон, Самарқард, Тошкент, Хива ёғоч ўймакорлиги мактаблари  мавжуд бўлиб, улар ўз услублари ва йўналишлари билан фарқланади.

Қўқон шаҳридан бироз жанубда жойлашган Қорабулоқ масканидан ўймакор ёғоч устуннинг чала куйган бўлаклари топилиши бу санъатнинг қадимийлигидан далолатдир. Зеро, археологлар мазкур санъат асари қолдиқларини милодий эранинг III-IV асрларига хос эканлигини эътироф этди. Хўқанди Латиф XIII асрнинг йигирманчи йилларида мўғуллар томонидан вайрон қилингач, бошқа санъат соҳалари қатори, ёғоч ўймакорлиги санъати ҳам таназзулга учради. Қўқон хонлиги ташкил топгандан сўнггина қайта жонланди. XVIII асрнинг иккинчи ярмида бу санъат тараққий этиб, Қўқон мактаби вужудга келди. Бу мактабни ўз даврида уста Акбарали Ҳайдарали ўғли, Уста Жамолиддин Шаҳобиддин ўғли, Баҳриддин Жамолиддин ўғли каби усталар бошқариб келди.

Қўқоннинг таниқли усталаридан бири Қодиржон Ҳайдаров ўз санъати ва устозлик фаолияти билан Қўқон ёғоч ўймакорлиги санъатида катта мактаб яратди. Ўймакорлик санъатини чуқур эгаллаган уста ўша пайтда ўз ижодида машҳур бўлган уч усул – бағдоди, ислимий ва паргори нақшларини кенг қўллаган.

Ёғоч ўймакорлиги санъати Қўқон мактаби, Қодиржон Ҳайдаров мактаби фаолиятини устанинг набиралари – Мирзаусмон, Мирзаюнус, Ҳасанжон Умаровлар ва уларнинг фарзандлари ва шогирдлари давом эттириб келмоқда. Марҳум Ўзбекистон Қаҳрамони Абдуғани Абдуллаев устанинг ҳақиқий шогирди эканлигини намойиш этиб, республикамиздаги кўплаб иморатлар ва иншоотларни, жумладан, Имом Бухорий меъморий мажмуаси ҳамда Тошкентдаги Хотира майдонини қуриш ва безатиш ишларида саркорлик ва усталик вазифасини адо этди. Мирзаусмон ўз бобосининг номини абадийлаштириб, Қодиржон Ҳайдаров номли мактаб-устахона ташкил этди.

Ҳасанжон Умаров санъаткорнинг набираси эканлигини исботлаб, санъат борасидаги хизматлари учун Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби юксак унвонига сазовор бўлган. Бу сулола вакиллари анъаналарга содиқ бўлиб, амалий санъатни янада ривожлантирмоқда. Бугунги кунда устанинг еттинчи авлодидан бўлган Абдулҳаким, Абдулазиз ва Абдураҳмон Умаровлар ушбу шарафли касбни ифтихор билан давом эттирмоқда.

Қўқонлик ҳунармандлар яратган ўймакорлик дурдоналари бугун хорижда ҳам машҳур. Айни кунларда мазкур санъат турини янада ривожлантириш, бу мактабга хос қадимий нақш усулларини қайта тиклаш йўлида ижодий изланишлар олиб борилмоқда. Бу эса ўзбек амалий санъатининг дунёда янада шуҳрат қозонишида айни муддао бўлаётир.

bezymannyj52.jpg

bezymannyj53.jpg