Ёдгорликларни асраш барчанинг бурчи

Ёдгорликларни асраш барчанинг бурчи

sthdtjdsrhtsergrthdtjhsrgesgr.jpg

Маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ғоят мураккаб ва масъулиятли жараён. Бугунги кунда юртимизнинг турли ҳудудларида у ёки бу маданий мерос объекти ночор ҳолатда экани хусусида турлича талқиндаги хабарлар тарқалди.

 

Шуни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан "Маданий меросимизни асраб-авайлашнинг бугунги кундаги долзарб масалалари» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

 

Zoom платформасида онлайн тарзда ўтказилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасига мувофиқ, фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурлиги, маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасида экани таъкидланди.

 

Маълумки, авваллари маданий мерос объектлари турли тузилмалар таркибида бўлгани уларни асраш, зарур ҳолатларда консервация, реконструкция ишларини олиб боришда ҳам муайян мураккабликларни юзага келтирган ва бу ҳозирги вазиятга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаган. Анжуман давомида шунга иқрор бўлиш мумкинки, тарихий ёдгорлик билан боғлиқ баҳсли вазиятларда шошма-шошарлик, пала-партишлик билан, пойтахтдан туриб турлича баҳо ва изоҳлар бериш мутлақо нотўғридир. Бу жараёнда ҳар бир ҳолатни жойига чиқиб, масъул мутахассислар, Маданий мерос департаменти ҳузуридаги Илмий экспертлар кенгаши вакиллари, олимлар билан чуқур, муфассал ўрганиш муайян мавзуга оид холис картинани, ҳаққоний позицияни шакллантириш имконини беради.

 

Анжуманда жорий йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида мамлакатимизда маданий меросга беписандлик билан юзага келган 33 та ноқонуний ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларига департамент томонидан тегишли тақдимномалар киритилгани айтилди. Бундай вазиятлар Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм, Бухоро вилоятлари, Тошкент шаҳри каби ҳудудлардаги маданий ёдгорликлар билан боғлиқ вазиятлардир. Булар жойлардаги маҳаллий ҳокимлик вакиллари, тадбиркорлар, бошқа мутасаддиларнинг маданий меросга оид қонунчиликдан бехабарлиги, лоқайдлиги билан узвий боғлиқ. Айрим мутасаддилар моддий маданий мерос объектларига зарар етказишда тегишли тартибда жавобгарликнинг мавжудлиги, салмоқли миқдорда жаримага тортилишидан бехабарлиги мазкур соҳага ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

 

Баъзан эса ёдгорликлар реставрацияси, таъмири билан боғлиқ ҳужжатлар, смета ва лойиҳалар вазирликка мутлақо чалкаш, хато, пала-партиш, белгиланган тартибга риоя этилмаган тарзда тақдим этилаётир. Бу эса реставрация ишларида белгиланган меъёрларнинг бузилишига сабаб бўлаётир.

 

Анжуманда маданий мерос объектларини чуқур илмий асосда, пухта ёндашув билан сақлаб қолиш долзарб экани қайд этилди. Гарчи Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик институти, Тошкент архитектура-қурилиш институтида мазкур йўналишда қайсидир маънода қисман таҳсил берилса-да, аслида маданий меросни мукаммал асрашга ҳеч қаерда ўргатилмайди. Бу эса консервация, реставрация, таъмирлаш ишлари, маданий мерос бошқаруви, ЮНЕСКОнинг тегишли конвенцияларини мукаммал ўрганиш, реставраторлар олий мактабини яратиш, соҳа мутахассисларининг билимларини доимий ошириб боришдек масала билан бевосита боғлиқдир. Шу билан бирга, ҳамюртларимизда маданий мерос объектларига ҳурмат ва эҳтиёткорона муносабатни болаликдан шакллантириш муҳимлиги тадбирда алоҳида қайд этилди. Дарҳақиқат, тарихий обидаларни асраш муҳим. Бироқ вазиятни жойида мутахассислар иштироки ва изоҳли тушунтириш асосида ўрганиб, теран таҳлил этиш ва жамоатчиликка етказиш ёдгорликлар умрини сақлаб қолишда янада муҳимроқ ўрин тутади.

 

Анжуманда медиа тузилма вакиллари ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича батафсил жавоб олдилар.

ЎзА