Дипломатик ваколатхоналар фаолияти янгича ташкил қилинади

Дипломатик ваколатхоналар фаолияти янгича ташкил қилинади

vpvapvapvapvapvapavpvap.jpg

 

      Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

      Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари мазкур учрашув жаҳонда кескин геосиёсий ўзгаришлар бўлаётган, давлатлар суверенитетига хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган мураккаб бир пайтда ўтаётганини қайд этди. Бундай шароитда ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятни танқидий муҳокама қилиб, Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар ишини янгича ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.

      Шу нуқтаи назардан элчиларга Яқин Шарқ, Европа, Осиё ва Африка давлатлари йўналишларида экспортни кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, кимё, тўқимачилик, иссиқхона ва хизматлар соҳаларида аниқ лойиҳалар билан ишлаш вазифалари қўйилди. 

      Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Швейцария, Хитой, Япония ва Сингапурдаги элчилар билан биргаликда дунёдаги TOП-100 таликка кирувчи етакчи хорижий олий таълим муассасаларини Ўзбекистон олийгоҳларига ҳамкор сифатида жалб этиш бўйича аниқ чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.

     Навбатдаги устувор вазифа сифатида фуқароларимизни хорижда қонуний ва юқори даромадли иш ўринлари билан таъминлаш белгиланди. Тартибли меҳнат миграциясининг географияси кенгайиб бораётгани, лекин айрим мамлакатларда бу йўналишда иш етарли даражада ташкил этилмаётгани кўрсатиб ўтилди ва элчиларга тегишли топшириқлар берилди.

     Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсат фаолияти концепциясини янгилаб, унинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда мамлакатимизнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди.